Туркманистон Республикаси ҳудудида янги ҳашарот тури пайдо бўлган. Бу тиканакли тунлам бўлиб, Ўзбекистонда карантин остидаги ҳашарот ҳисобланади.
Мазкур ҳашарот асосан ғўзага шикаст етказади. Бир йилда 4-5 авлод бериб, ривожланади ва тупроқда қишлаб чиқади. Тарқалиш географияси – Африка қитъасидаги мамлакатлар, Ўрта ер денгизи, Жанубий Европа, Яқин Шарқ давлатлари, хусусан, Ҳиндистон, Хитой, Япония, Тайван, Филиппин, Афғонистон, Покистон, Эрон ва Туркия каби давлатлардир.
Туркманистон ҳукумати томонидан тиканакли тунламга қарши кураш чоралари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ҳудудига мазкур хавфли зараркунанда кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш зарур. Шу мақсадда жануб ҳудудлар билан чегарадош барча ўсимликлар карантини чегара масканларида назорат тадбирлари кучайтирилди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумотида.
Чегара масканларида карантин назоратини самарали олиб бориш мақсадида Чили тажрибаси асосида жорий этилган детектор-хизмат итлари фаолияти янада жадаллаштирилди. 30 дан ортиқ махсус ўргатилган итлар ёрдамида кинолог-инспекторлар чегара постларида йўловчиларнинг транспорт воситалари, багаж ҳамда қўл юкларини карантин назоратидан ўтказмоқда.
Чегара масканларидан ўсимлик маҳсулотлари, жумладан, экиш материаллари: кўчат, пиёзбош, уруғликлар олиб ўтишни режалаштираётган йўловчилар фитосанитар сертификат олиш учун Карантин агентлигига мурожаат қилишлари сўралади, дейилади маълумотда.
Шунингдек, чегара масканларида карантин остидаги ўсимлик маҳсулотларини транспорт воситасида, багаж, қўл юки орқали олиб ўтиш тақиқланган. Бундан ташқари, юқорида санаб ўтилган маҳсулотларни почта жўнатмалари орқали жўнатиш ҳам қонунбузилиш ҳисобланади.
Сертификатсиз, карантин рухсатномаси расмийлаштирилмаган маҳсулотлар йўловчиларнинг қўл юклари ва багажларида аниқланадиган бўлса, юқори фитосанитар хавф туғдирувчи юк эгаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 108-моддасига асосан жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилади.