Шоир Шамсиддин Садоийнинг муаллифлик ҳуқуқи бузилгани аниқланган. Суд қарори билан хонанда Ботир Қодировни 132 млн сўм миқдорида моддий ва маънавий зарар тўлашга мажбур қилинди, шунингдек, у эндиликда айрим қўшиқлардан фойдаланиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум.
Июн ойида шоир Шамсиддин Тўраев томонидан Тошкент шаҳри Учтепа туманлараро судига муаллифлик ҳуқуқи бузилгани бўйича даъво аризаси киритилган. Даъвода Ботир Қодиров шоирнинг асарларини рухсатсиз ижро этгани ва оммавий равишда тарқатгани таъкидланган.
Суд даъвони кўриб чиқиб, Ботир Қодировни умумий ҳисобда 132 миллион сўм миқдорида тўлов тўлаш мажбуриятини юклади. Шу жумладан, Ботир Қодиров 112,5 миллион сўм моддий ва 20 миллион сўм маънавий зарар учун товон тўлайди.
Бундан ташқари, Қодировга шоир муаллифлигини тасдиқловчи «Давлатинг борида», «Омонат» ва «Тингла дўстим» номли қўшиқлардан ҳар қандай шаклда — эфир орқали, ижтимоий тармоқларда ёки бошқа платформаларда — фойдаланишни тўхтатиш мажбурияти юклатилди.
Мазкур қарор амалдаги қонунчиликка асосланган бўлиб, унга кўра муаллифлар ўз ҳуқуқи бузилган тақдирда ҳуқуқбузардан зарар ўрнига БҲМнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача товон тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Суд қарори Шамсиддин Тўраевнинг фойдасига ижро этилиши ва муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий прецедент сифатида қайд этилмоқда.