Кейинги пайтда юртимиз глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда.
Хусусан, бу йил Парламентлараро Иттифоқнинг 150-йубилей Ассамблеяси, ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси, "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" саммити ва халқаро Иқлим форумига мезбонлик қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг март ойида Хўжандда бўлиб ўтган учрашувида биринчи марта уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида тарихий шартнома имзоланди ҳамда “Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация” қабул қилинди.
Минтақамиз давлат раҳбарларининг яқинда Тошкентдаги Маслаҳат учрашуви чоғида интеграция жараёнларини янги сифат босқичига кўтариш учун Марказий Осиё ҳамжамияти стратегик формати ни ташкил қилиш ғояси илгари сурилди. Озарбайжонни Марказий Осиё форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисидаги қарор тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида стратегик боғлиқлик ҳамда барқарорликни кучайтириши шубҳасиз.