Полшадаги FrontStory нашри Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ўртасидаги суҳбат аудиоси деб таърифланаётган ёзувни эълон қилди.
Маълум қилинишича, суҳбат 2024 йил 30 август куни, Сийярто Санкт-Петербургдан Будапештга қайтганидан бир соат ўтгач бўлиб ўтган. Аудиоёзувда Лавров Сийяртога Алишер (нашрга кўра, россиялик олигарх Алишер Усмонов назарда тутилмоқда) илтимосини эслатади — у Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатидан ўз синглиси Гулбаҳор Исмоиловани чиқаришда ёрдам сўраган.
«Биз словаклар билан биргаликда уни рўйхатдан чиқариш бўйича Европа Иттифоқига таклиф киритмоқдамиз. Уни келаси ҳафта тақдим этамиз. Янги кўриб чиқиш даври бошланиши билан бу масала кун тартибига киритилади ва биз уни рўйхатдан чиқариш учун барча имкониятларни ишга соламиз», — дея жавоб беради Венгрия амалдори.
FrontStory таъкидлашича, бу журналистик суриштирувнинг биринчи қисми бўлиб, бошқа бир суҳбатда Сийярто Россия энергетика вазири ўринбосарига Европа Иттифоқи санкциялар пакетини бекор қилиш учун барча чораларни кўришини ва Россия компанияларига санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беришни таклиф қилган.
Айни пайтда мазкур аудиоёзув Европа ва Украина матбуотида кенг муҳокама этилмоқда.