Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров Кипрнинг Пафос шаҳрида ўтаётган Номзодлар турнири 4-тури доирасида дунёнинг учинчи рақамли шахматчиси Фабиано Каруанани мағлуб этди. Мазкур ғалабадан сўнг Синдоров онлайн FIDE рейтинг жадвалида 5 поғона юқорилиб, 6-ўринга кўтарилиб олди.
Ўзбекистонлик гроссмейстер март ойи якунларига кўра, жаҳон рейтингида 2745 очко билан 11-ўринни эгаллаб турган эди. Номзодлар турнири 4-турида Фабиано Каруана устидан қозонилган ғалаба эвазига Синдаров ўз очколари сонини 2759,2 тага етказди. Ушбу натижа Жавоҳирга онлайн рейтинг жадвалида дунёнинг 6-рақамли шахматчисига айланиш имконини берди. Ҳамюртимиз бугунги ғалабадан сўнг рейтингда Со Уэсли (АҚШ, 2754,0) ва Алиризо Фирузжа (Франция, 2759,0)ни ортда қолдирди.

Маълумот учун, Жавоҳир Синдаров жаҳон шахмат тожи учун курашиш ҳуқуқини берувчи турнирда иштирок этаётган илк ўзбекистонлик шахматчи ҳисобланади.
У мусобақанинг илк турида россиялик Андрей Есипенкони мағлуб этган бўлса, иккинчи турда германиялик Маттиас Блубаум билан дуранг қайд этган эди. 31 март куни ўтказилган учинчи турда ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанадҳани мағлубиятга учратган Синдоров, тўртинчи турга келиб Фабиано Каруана устидан зафар қучди.