АҚШ Геология хизмати (USGS) сейсмологлари Калифорния ҳудудида кучли зилзила содир бўлиш эҳтимоллиги кескин ошганидан огоҳлантирди, деб хабар беради Bild.
Қайд этилишича, Шимолий Калифорния соҳилларида ўтган бир кечанинг ўзида бир неча дақиқа фарқ билан еттита ерости силкиниши юз берган. Қурбонлар ва талафотлар кузатилмаган, аммо мутахассислар буни хавотирли сигнал сифатида баҳоламоқда.
USGS вакили Сара Минсоннинг сўзларига кўра, Сан-Францискода 2055 йилгача Big One деб аталаётган кучли зилзиланинг содир бўлиш эҳтимоллиги 72 фоизга етган. Кейинги 30 йил ичида Шимолий Калифорнияда 6,7 магнитудали ёки ундан кучли зилзиланинг юз бериш эҳтимоли юқори. Айрим экспертлар бу янада эртароқ — 2032 йилгача содир бўлишини тахмин қилмоқда.
Мутахассислар орасида алоҳида хавотир уйғотаётган нарса — бу деярли 1300 километрга чўзилган Сан-Андреас ёриғи бўлиб, у бутун Сан-Франциско кўрфази минтақасидан ўтади.
Олимларнинг ҳисоблашича, айнан шу ерда навбатдаги ҳалокатли зилзила юз бериши мумкин. Сан-Францискода охирги йирик зилзила 1989 йилда кузатилган ва 63 кишининг ўлимига сабабчи бўлган эди, шунингдек, ўшанда 4 мингга яқин одам жароҳат олган.