Япония Мудофаа вазирлиги хавфсизлик соҳасида, жумладан, мамлакат Ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларида сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича янги концепция ишлаб чиқади.
Бу ҳақда TBS телеканали хабар бермоқда.
Вазирлик раҳбари Синдзиро Коидзумининг маълум қилишича, Defense AI Vision деб номланган ҳужжат 2026 йил ноябрь ойининг охирида тақдим этилади. Унда мудофаа вазирлиги ва қуролли кучлар фаолиятига сунъий интеллектни жорий этишнинг кейинги йўналишлари белгилаб берилади.
2024 йилда Япония Мудофаа вазирлиги сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича асосий сиёсатни тасдиқлаган эди. Бироқ октябрь ойида Коидзуми миллий хавфсизлик соҳасидаги асосий ҳужжатлар янгиланиши муносабати билан ушбу сиёсатни қайта кўриб чиқиш нияти борлигини маълум қилди.
Мудофаа стратегияси ва бошқа тегишли ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ташаббуси лавозимга киришганидан сўнг Бош вазир Санаэ Такаити томонидан илгари сурилган. Ушбу ишлар 2026 йил охирига қадар якунланиши кутилмоқда.
Япония оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, янгиланган ҳужжатларда сунъий интеллектдан фойдаланиш ва учувчисиз тизимларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.