Токио Қўшма Штатлар билан импорт божлари бўйича музокараларда делегация раҳбари лавозимига иқтисодиёт вазири Рёсеи Аказавани тайинлади.
АҚШ президенти Доналд Трамп ва Япония бош вазири Сигеру Исиба душанба куни телефон орқали суҳбатлашиб, ўзаро музокараларни бошлашга келишиб олдилар.
Трамп ушбу музокараларни олиб боришни молия вазири Скотт Бессент ва Вашингтон савдо вакили Жеймисон Грируга топширди.
Трампнинг қарорига кўра, 9 апрелдан бошлаб Япониянинг АҚШга экспорти учун бож тарифлари 24 фоизни ташкил этиши керак. Бундан ташқари, Трамп барча чет эл автомобиллари импортига 25 фоизлик божхона тарифини жорий этди. Япония эса Қўшма Штатларга автомобил етказиб берувчи асосий давлатлардан бири ҳисобланади.