Жорий йилнинг 9 ойи давомида талабалар томонидан 487 та жиноят содир этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105 тага ёки 13 фоизга кам.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида қайд этилишича, юқоридаги ижобий рақамларга қарамай, бугунги кунда олий таълим муассасаларида талабалар билан маънавий-маърифий ишларни олиб бориш ҳамда ота-оналар билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйишга етарли эътибор қаратилмаганлиги сабабли талабалар ўртасидаги жиноятчилик тўлиқ бартараф қилинмаган.
Сенаторлар ёшларга яратилаётган имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланиш лозимлиги ҳамда ёшларнинг жиноят содир этишининг олдини олиш билан бирга жиноятчиликка қарши курашиш лозимлиги ҳақида фикрларини билдирди.
Парламент сўровига жавоб берган вазирлик расмийсига кўра, олий таълим муассасаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида вазирлик томонидан алоҳида «йўл харитаси» тасдиқланиб, ижрога қаратилган.
Жамоатчилик гуруҳи профилактика инспекторлари билан келишган ҳолда талабалар шаҳарчаси ва ётоқхона атрофида 24 соатлик навбатчилик ҳамда патруллик хизмати ташкил этган.
Қолаверса, 2025 / 2026 ўқув йилидан бошлаб «Ижтимоий фаоллик индекси» жорий этилиб, талабаларнинг маънавий-маърифий ва спорт соҳаларидаги фаоллиги, барча хатти-ҳаракатлари платформа орқали онлайн баҳолаб борилмоқда.
Олий таълим муассасалари ётоқхоналарига талабалар кириш-чиқишини мониторинг қилишни рақамлаштириш мақсадида «Face-ID» камера ва турникетлар ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлса-да, ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаганлиги натижасида айрим олий таълим ташкилотларида ушбу тизим ўрнатилмаган.