Бугун Тошкент вилоят судида З. С.га (эркак, 1995 йилда Наманган вилоятида туғилган) оид жиноят ишини биринчи инстанциясида кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Маълумот учун, 26 июль куни соат 06:19 ларда Янгийўл тумани Нурафшон кўчасида жойлашган хонадонда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган. Хабарга асосан Янгийўл тумани ФВБ Ёнғин қутқарув қисми ўт ўчирувчилари воқеа жойига етиб борган ва келиб чиққан ёнғин бартараф этилган.
Хонадонни кўздан кечириш давомида 1991 йилда туғилган эркак, 1999 йилда туғилган аёл, 2021 ва 2022 йилда туғилган болалар, 2018 йилда туғилган қизнинг мурдалари турли тан жароҳатлари билан топилган. Маълум қилинишича, вафот этганлар эр-хотин ва уларнинг 2 нафар фарзанди, 1 нафар қиз жияни бўлган.
Ушбу жиноят иши Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Б. Розиқов раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ З. С. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми "а", "в", "ж", "з", "и" бандлари, 118-моддаси 1-қисми, 134-моддаси, 164-моддаси 3-қисми "в", "г" бандлари ва 173-моддаси 2-қисми "б" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.