Ўзбекистоннинг биринчи рақамли шахматчиси, дунё рейтингида 7-ўринни эгаллаб турган 20 ёшли Нодирбек Абдусатторов 18–28 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган UzChess Cup 2025 II халқаро турнири пайтида блогер “IsomTV”га қисқа интервью берди.
Ушбу суҳбатда Абдусатторов қанча пул ишлаб топиши ва Ўзбекистоннинг энг кучли шахматчиси ким эканлиги ҳақида тўхталди:
— 13 ёшингизда гроссмейстер бўлгансиз. Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган, Олимпиадада ҳам чемпионликка эришган Нодирбек Абдусатторов қанча пул топади?
— Бу маълумот очиқ манбаларда ҳам бор. Мисол тариқасида айтадиган бўлсам, икки йилдан бери дунёнинг энг кўп пул ишлаб топаётган 10 нафар шахматчиси рўйхатига киритилаяпман. Тахминан 200 минг АҚШ доллари.
— Бу қанақа пул? Гонарар, соврин, ёки чемпион бўлганингиз учун берилган мукофотми?
— Ҳаммаси шуни ичида.
— Бундан ташқари, реклама ва бошқа даромадларингиз ҳам бор, тўғрими?
— Улар билан мен эмас, менинг жамоам шуғулланади, шунинг учун мен аниқ маълумотга эга эмасман.
— Ўзбекистондаги ўзингиздан ташқари энг яхши ўйинчи ким?
— Албатта, Жавоҳир Синдоров.
— Дунёдаги энг кучли шахматчи ким?
— Магнус Карлсен.
— Ўзингизни ҳам ҳисобга олганда, барибир Магнус Карлсенми ёки ўзингиз?
— Ҳозирча Магнус Карлсен.
Эслатиб ўтамиз, Абдусатторов Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган UzChess Cup мусобақасининг Masters гуруҳида 3-ўринни эгаллаб, 10 минг АҚШ доллари миқдорида мукофотни қўлга киритди.
Маълумот учун, Нодирбек Абдусатторов 2024 йилги мусобақаларда 132 981 доллар мукофот пулига эга чиққан.