21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасида мамлакат ҳудудларида янги барпо этилган ва истиқболли туризм объектларини кенг тарғиб қилиш, уларни амалдаги туристик маҳсулотларга интеграция қилиш ҳамда янги йўналишларни шакллантиришга бағишланган тақдимот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир давомида туризм соҳаси вакиллари ва туроператорлар замонавий туристик масканлар, инфратузилма объектлари ҳамда ички ва хорижий сайёҳлар учун қўшимча имкониятлар яратадиган хизматлар билан танишдилар. Жумладан, “Sky Dive Sirdaryo” туризм объекти, “Hisorak Meraki Resort” сув омбори, “Pangat” туризм қишлоғи, “Burhoniddin Marg‘inoniy – Vodiy gavhari” мажмуаси, Самарқанддаги “Maroqand” театри, “Uzbekistan Convention Bureau”, “Kosa Garden” агротуризм объекти ва бошқа истиқболли туризм объектларининг тақдимотлари ўтказилди.
Тақдимотларда экотуризм ва агротуризм йўналишлари, ҳунармандчилик ва миллий мерос объектлари, замонавий дам олиш масканлари ҳамда бошқа истиқболли туристик локациялар намойиш этилди. Айниқса, янги объектларни туристик дастур ва йўналишларга киритиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бунда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби анъанавий туристик марказларни ҳудудлардаги янги манзиллар билан боғловчи йўналишларни шакллантириш масаласи муҳим ўрин тутади. Бундай ёндашув тарихий-маданий объектларга ташрифларни ҳудудларнинг табиий салоҳияти, маҳаллий ҳунармандчилик анъаналари, этнографик мероси ва замонавий туристик хизматлари билан танишиш имкониятлари билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Янги объектларни мавжуд туристик йўналишларга интеграция қилиш Ўзбекистоннинг туристик таклифларини янада диверсификация қилишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Янги масканларни тизимли равишда тарғиб қилиш саёҳатлар географиясини кенгайтириш, ҳудудлардаги туризм инфратузилмасидан самарали фойдаланиш ҳамда туристик салоҳияти юқори бўлган янги йўналишларни ички ва халқаро бозорларга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўтказилган тақдимот мамлакат бўйлаб янги туристик маҳсулотларни шакллантириш, йўналишлар ва саёҳат имкониятлари кўламини кенгайтириш борасидаги навбатдаги амалий қадам бўлди.