Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жалақудуқ тумани бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган С.Қ. фуқаро М.Х.га 2 дона “Тропикамид” ва 10 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 1,3 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Касби тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ш.Р. фуқаро С.М.га 70 дона “Pregabalin PG-150” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 900 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Департаментнинг Шайхонтоҳур тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси шуғулланиб келган Н.И.нинг ёнидан 36 дона “Pregabalin Capsules” ва 1 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Давлатобод тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса “S.K.” МЧЖ раҳбари Б.М. “Янги тонг” МФЙ ҳудудидаги дорихонада фуқаро К.Ш.га шифокор рецептисиз 61 дона “Омнадрен 250” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 3,1 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.