Хорватия ва Туркиянинг 21 ёшгача бўлган футболчилари ўртасидаги баҳсда ҳақиқий фожиа юз беришига бир бахя қолди. Меҳмонлар устози Эгемен Коркмаз ўйиннинг 35-дақиқасидаёқ майдонга йиқилди. У сирғаниб кетиб, боши билан қаттиқ зарба олди. Мутахассис учун ўйин шу ерда тугади — у дарҳол Осиек шаҳридаги (учрашув айнан Хорватия шарқидаги ушбу шаҳарда бўлиб ўтган) шифохоналардан бирига ётқизилди.
Мураббийсиз қолган Туркия жамоаси асабларини жиловлай олмади ва натижада учта қизил карточка олиб, хорватлардан жавобсиз учта гол ўтказиб юборди. Хайриятки, ҳозирда Коркмаз соғайиб бормоқда ва шифохонани тарк этишга тайёргарлик кўряпти.