2030 йилгача туризм соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган асосий мақсадларга кўра, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини амалдаги 3,5 фоиздан 7 фоизгача ошириш кўзда тутилмоқда. Бу эса соҳага инвестициялар жалб этиш, хизматлар сифатини яхшилаш ва янги иш ўринлари яратиш орқали иқтисодий ўсишни таъминлайди. Шунингдек, такомиллашаётган «Ўзбекистон–2030» стратегияси лойиҳасида чет эллик туристлар оқимини кескин ошириш асосий вазифалардан бири этиб белгиланган. Ҳозирги кунда 11 миллиондан ошган хорижий туристлар сонини 2030 йилгача 20 миллион нафарга етказиш, айниқса тўлов қобилияти юқори бўлган сайёҳлар улушини кўпайтириш режалаштирилган. Туризм хизматлари экспорти ҳажмини йиллик 6 миллиард АҚШ долларидан ошириш ҳам стратегик мақсад сифатида белгиланган. Бу натижага эришиш учун туристик хизматлар турларини кенгайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар яратиш ва халқаро бозорларда фаол тарғибот ишларини олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Инфратузилмани ривожлантириш ҳам туризм соҳасида ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари ўртасидаги транспорт боғланишини яхшилаш, ички авиақатновлар сонини кўпайтириш ва йўлга сарфланадиган вақтни камида уч бараварга қисқартириш туристлар учун қулайлик яратади. Шу билан бирга, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар сонини икки бараварга ошириш орқали юқори сифатли хизматлар тақдим этиш имконияти кенгаяди. Бундан ташқари, туристик хизматлар ва маҳсулотларни диверсификатсия қилиш орқали мамлакатнинг туристик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш режалаштирилган. Жаҳонда кенг таниладиган Ўзбекистон туристик брендини яратиш, миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш учун янги замонавий инструментларни жорий этиш орқали Ўзбекистонни халқаро туризм бозорида нуфузли йўналишга айлантириш мақсад қилинган.