Саудия Арабистони, Уммон ва Қатар мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари фонида Эронга қарши ҳужумнинг олдини олиш учун Қўшма Штатларга таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда.
Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.
Форс кўрфази давлатлари вакиллари Эрон ҳукуматини ағдаришга уринишлар нефть бозорларида тартибсизликларни келтириб чиқариши ва бу Америка иқтисодиётига зарар етказишини таъкидламоқда. Хусусан, улар Эронга қарши ҳужумлар дунё нефтининг бешдан бир қисми ўтадиган Ҳормуз бўғози орқали танкерлар қатновини тўхтатиши мумкинлигидан қўрқишади.
The Wall Street Journalнинг Саудия Арабистонидаги расмий манбаларига кўра, Ар-Риёд Теҳронга потенциал можарога аралашмаслигига ва Вашингтонга ҳужумлар учун ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишга йўл қўймаслигига ишонтирган. Газета Саудия Арабистони "ўсиб бораётган беқарорлик"га айниқса сезгир эканлигини таъкидлайди: расмийлар маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан Эрондан қасос олмаслик учун норозилик намойишларини ёритишни чеклашни сўрашган.