Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда меҳнат миграцияси кўлами ва хориждан қайтаётган фуқаролар, шунингдек, тижорат ва меҳнат мақсадларида келаётган чет элликлар сони ортиб бормоқда.
2024 йилда қайтиб келган 1,7 миллион фуқародан атиги 434 минг нафари ОИВ/ОИТСга тест топширган. Уларнинг 1 512 нафарида бундай касаллик аниқланган. Текширувдан ўтказилган 12,7 мингдан ортиқ чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар орасида 81 кишида бундай касалликлар аниқланган.
Таъкидланишича, текширувдан ўтмаган мигрантларнинг қанчасида юқумли касалликлар борлиги номаълум. Шу жиҳатдан ушбу қонун долзарб аҳамият касб этади.
Қонун билан “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, узлуксиз тўқсон кун ва ундан ортиқ вақт чет элда бўлган қайтган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонга келган ёки республикада доимий яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш белгиланган.
Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар мажбурий тиббий текширувдан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказилади. Хорижлик ва фуқаролиги бўлмаган шахслар маблағлари, иш берувчининг ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ўтказилади. ОИВ/ОИТС ва сил касаллиги аниқланиши Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома беришни рад этиш учун асос бўлади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқулланди.