Бугун 3 февраль, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Хоразмда туризмни ривожлантириш истиқболлари ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди

Хоразмда туризмни ривожлантириш истиқболлари ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди

Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш доирасида туризмни иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айлантириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада илгари суриш, инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 29–30 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

Ташриф давомида у ҳудуддаги мавжуд ва истиқболли туристик лойиҳалар билан танишиб, шунингдек, туризм соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот форматида учрашув ўтказди. Учрашувда республика ишчи гуруҳи вакиллари, шунингдек, соҳа бўйича қарийб 150 нафар иштирокчи — тадбиркорлар, туроператорлар, ҳунармандлар, гидлар, меҳмонхона ва ресторан эгалари, транспорт компаниялари вакиллари ва бошқалар қатнашди.

Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси туризм соҳаси тадбиркорлари жамоалари ҳам иштирок этиб, ҳудудларни ўзаро ҳамкорликда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида иштирокчилар ҳудудда туризмни ривожлантиришнинг долзарб масалалари, Хоразмнинг бой маданий ва тарихий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда туристик хизматлар сифатини ошириш юзасидан фикр алмашдилар.

Қўмита раиси А. Аққулов 2025 йил якунлари бўйича фаолият натижаларини тақдим этиб, 2026 йилга мўлжалланган устувор йўналишларни белгилаб берди. Таъкидланишича, бой мерос ва ноёб анъаналарга эга ҳудуд учун маданий-маърифий, гастрономик ва оилавий туризмни ривожлантириш истиқболли йўналиш ҳисобланади. Иштирокчилар амалдаги давлат қўллаб-қувватлаш чоралари — имтиёзлар, субсидиялар ва грант дастурлари соҳанинг барқарор ривожланишига хизмат қилаётганини қайд этдилар.

Шунингдек, янги туристик йўналишларни яратиш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда давлат тузилмалари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар илгари сурилди. Икки ҳудуд вакиллари сайёҳлар сонини оширишдаги асосий муаммолардан бири бу транспорт логистикаси эканлигини қайд этиб, авиақатновлар сонини ошириш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ҳамда йўл бўйларида СГШларни ташкил қилиш муҳимлигини билдиришди.

Якунда Хоразм вилоятининг туристик салоҳиятини ички ва халқаро миқёсда тарғиб этиш, шунингдек, аҳолининг турмуш сифатини оширишга қаратилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди. Иштирокчилар бундай тадбирларнинг долзарблигини таъкидлаб, улар туризмни ривожлантириш соҳасида самарали мулоқот ва қўшма ечимлар ишлаб чиқиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилаётганини қайд этдилар.

Киритилди: Бугун 13:33. Ўқилди: 344 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!