Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёни икки босқичда ўтказилмоқда. Биринчи босқич 2026 йил 15–31 январь кунлари census.stat.uz портали орқали онлайн шаклда амалга оширилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, атиги 17 кун ичида мамлакатдаги хонадонларнинг 82,3 фоизида яшовчи 30 миллиондан ортиқ фуқаро онлайн рўйхатдан ўтди. Бу кўрсаткич МДҲ давлатлари орасида энг юқори натижалардан бири сифатида қайд этилмоқда.
Юқори қамров юртдошларимизнинг рақамли хизматлардан фойдаланиш маданияти ва онлайн платформаларга бўлган ишончи ошиб бораётганини кўрсатади. Рўйхатга олиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, маълумотлар такрорланиши ва хатолар автоматик аниқланади.
Онлайн босқичда қатнашмаган ёки саволномани хато тўлдирган фуқаролар учун иккинчи босқич 4–28 февраль кунлари ўтказилади. Бу даврда маҳалла вакиллари уйма-уй юриб, маълумотларни планшетлар орқали тизимга киритишади.
Рўйхатга олиш натижалари мамлакатнинг демографик, ижтимоий ва иқтисодий ҳолатини баҳолаш, мактаб, боғча, шифохона ва инфратузилма объектларини режалаштиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Онлайн рўйхатдан ўтмаган фуқароларни иккинчи босқичда фаол иштирок этишга чақириб қоламиз.