Ўзбекистон фуқароси марҳума Дурдона Ҳакимованинг жасади ва унинг икки нафар фарзанди Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Истанбулдаги консулхона хабар берди.
Марҳума ва унинг фарзандларининг Ватанга қайтиш билан боғлиқ харажатлари Бош консулхона ҳамда Миграция агентлиги ҳисобидан қоплаб берилди.
Бош консулликка кўра, мазкур ҳодиса юзасидан ижтимоий тармоқларда марҳуманинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, салбий ҳамда бирёқлама фикрлар тарқалмоқда.
Ўрганишлар шуни кўрсатадики, Дурдона Ҳакимова Истанбул шаҳрининг Фотиҳ туманида жойлашган Eskere Melzeme номли ҳарбий кийим-кечак савдо дўконининг муассиси бўлган. У фаол тадбиркор сифатида кўплаб юртдошларимизга ёрдам кўрсатиб келган. Унинг фарзандлари эса дизайнерликка ихтисослашган лицейда таҳсил олишган.
Вазиятни тўлиқ ўрганмасдан туриб, ҳамюртимиз ҳақида бирёқлама, нохолис ва шахсни камситувчи маълумотларни тарқатиш, таҳқирловчи изоҳ ёзиш қонунчиликда белгиланган жавобгарликка олиб келишини, бундан ташқари, миллатимизга нисбатан халқаро майдонда салбий фикрлар шаклланишига сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз, дейилади дипломатик муассаса хабарида.