Хоразм вилоятида жамоат транспорти учун тўловлар тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Янги тартиб жамоат транспортида кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини ошириш, тўловлар шаффофлигини таъминлаш, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали яширин иқтисодиётни бартараф этиш, йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимларидан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида жорий этилмоқда.
Электрон тўловга ўтиш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич 2026 йил 1 июлдан ШИ-4, ШИ-5, ШИ-7, ШИ-13, ШИ-18, ШИ-19 ва ШИ-28-сонли автобус йўналишлари ҳамда Т1-сонли «Урганч шаҳри – Хива шаҳри» троллейбус йўналишини қамраб олади.
Иккинчи босқичда қолган автобус ҳамда троллейбус йўналишларида белгиланган тартибда брутто-шартномаси расмийлаштирилгандан кейин йўлкира ҳақини тўлашда нақд пулсиз тўлов тизими амалиёти жорий этилади ва тўловлар фақат электрон тарзда қабул қилиниши йўлга қўйилади.