Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 190-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун сурункасига икки кун давомида 4 соатдан ва йилига 120 соатдан ошмаслиги керак.
Эндиликда ушбу 120 соатлик чеклов олиб ташланмоқда. Сабаби баъзи ходимлар даромад топиш мақсадида ишдан ташқари қўшимча ишлашни хоҳласа ёки иш берувчилар ҳам ишдан ташқари вақтга ишчиларни жалб қилмоқчи бўлса, қонундаги бу чеклов бунга йўл қўймас эди. Натижада айрим корхоналар ходимларни ишдан ташқари вақтидаги иши учун норасмий равишда ҳақ тўлаган ҳолатлари учрамоқда. Масалан, 2024 йилда 627 та ана шундай ноқонуний ҳолатлар аниқланган.
Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш ва унинг давомийлигини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси билан ушбу йиллик 120 соатлик чеклов бекор қилинмоқда.
Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасига кўра, Меҳнат кодексига яна бир қатор тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Кодекснинг 262-моддасида иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгиланган. Эндиликда киритилаётган ўзгартишларга кўра, иш вақтидан ташқари ишнинг бир кунда биринчи икки соати учун камида бир ярим ҳисса миқдорида, икки соатдан ортиқ қисми учун эса камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш фақатгина ходимнинг розилиги билан ва иш берувчи ва ходимнинг келишуви асосидагина амалга оширилиши мумкин. Ҳеч ким ходимнинг розилигисиз мажбуран уни иш вақтидан ташқари ишга жалб қила олмайди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, ташкилотларда иш унумдорлигини ошириш ва ходимларнинг даромадлари кўпайишига хизмат қилади.