Туркманистонда 50 йилдан зиёд вақтдан бери узлуксиз ёниб келаётган машҳур Дарвоза газ кратери (халқ орасида “Дўзах дарвозаси” деб номланган) ёниш кучининг сўнгги икки йил ичида уч баравар камайгани маълум қилинди. Бу ҳақда “Туркменгаз” давлат концернига қарашли Табиий газ илмий-тадқиқот институти лабораторияси мудири Ирина Лурьева TESC 2025 халқаро конференциясида маълум қилди, деб хабар беради РИА Новости.
Унинг сўзларига кўра, бу натижа Чалджулба газ конларида олиб борилаётган фаол қазиб олиш ишлари туфайли амалга ошган. Бу конлар худди шу кратер жойлашган ҳудудда жойлашган.
“2023 йил август ойига нисбатан кратердаги ёниш кучи даражаси уч баравардан кўпроқ камайди”, — деди Лурьева.
Дарвоза кратери Туркманистондаги Қорақум чўлида 1971 йилда Совет иттифоқи геологлари томонидан ўтказилган қазиш ишлари пайтида пайдо бўлган. Скважина қазиш жараёнида ер остида табиий газга тўла бўшлиқка дуч келинган. Ер қавати қулаб тушган ва ҳавога инсон ва ҳайвонлар учун заҳарли газ чиқиб кетган. Шу сабабли геологлар газни ёқишга қарор қилган — газ бир неча кунда ёниб тугар, деб ўйлашган. Бироқ алоҳида ёнувчи оташ 50 йилдан ортиқ вақтдан бери ўчмаяпти.
Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов 2019 йилда таътил вақтида кратерни шахсан бориб кўрган. Кейинчалик у уни ўчириш ҳақида кўрсатма берган. Унга кўра, бу узлуксиз ёниш экологияга салбий таъсир кўрсатмоқда ва атрофдаги газ конларини ўзлаштиришга тўсқинлик қилмоқда.
Туркманистонда бу кратер расман “Қорақумлар ёруғлиги” деб аталади. Аммо маҳаллий аҳоли ва халқаро оммавий ахборот воситалари уни таъсирли кўриниши ва ёниб турган олови туфайли “Дўзах дарвозаси” деб аташади.