Хитой ижтимоий тармоқларида Ғарб цивилизациясига оид тарихий фактларни шубҳа остига қўяётган муҳокамалар кенг тарқалмоқда. Бундай баҳсларнинг навбатдаги сабабларидан бири Шанхайда ўтказилган Қадимий Миср артефактлари кўргазмаси бўлди, деб ёзади SCMP.
Бир санъат тарихи профессори ижтимоий тармоқда музейда намойиш этилган буюмлар жуда ҳам янги кўринишини айтди. Унинг фикрича, улар бир неча минг йиллик бўлиши мумкин эмас.
Бу — Хитойда қадимги тарихга оид айрим фактларни инкор қилиш тенденцияси кучайиб бораётганининг яна бир мисоли. Масалан, баъзи муҳокамаларда Қадимги Юнон ёки Қадимги Миср цивилизацияси умуман мавжуд бўлмагани, ёки қадимги юнон файласуфларининг борлигига ҳеч қандай далил йўқлиги ҳақида даъволар учрайди. Ғарб цивилизацияларига қарши бундай бахсларда Хитой инсон маданияти ва цивилизациясининг ҳақиқий бешиги сифатида талқин қилинади.
Бундай иддаоларга ҳақиқий хитойлик тарихчилар қарши чиқмоқда, улар факт ва далилларни яхши билишади, аммо шунга қарамай, уларнинг овози ҳаммага етиб бормаётган ҳоллар ҳам учрайди.
Муҳокамалар шунчалик авж олдики, ҳатто ҳукумат ҳам аралашди. Давлат нашри бу каби “тарихчилар” — Ғарб цивилизациясини инкор қилувчиларни танқид қилувчи катта мақола чоп этди. Бироқ бу ҳам ҳаммани ишонтириш учун етарли бўлмади.