Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов туғилган куни муносабати билан табрикларни олишни давом этмоқда.
22 ёшга қадам қўйган легионеримиз 29 февраль куни туғилган. Бу йилги тақвимда февраль ойи 28 кундан иборат бўлгани учун Абдуқодир асосий табрикларни 1 март куни қабул қилиб олди. Шандай бўлса-да, Ҳусановни шодиёна куни муносабати билан йўлланган табриклар келиши давом этмоқда.
Хусусан, Абдуқодир “Манчестер Сити” клуби, Эрлинг Холанд, Родри Эрнандес ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали қутлади. Энди улар қаторига жанубий кореялик машҳур модель ва блогер Пак Хижон қўшилди.
Машҳур блогер ва модель Пак Хи Жон ўзининг Instagram саҳифасида пост жойлаб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни табриклади. Шунингдек, модель ўзбекистонлик футболчи либосида тушган суратларини ҳам эълон қилди. Кадрлардан бирида уларнинг сунъий интеллект ёрдамида яратилган қўшма сурати ҳам мавжуд.
“Туғилган кунингиз билан, Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Ҳусанов!
Туғилган кунингиз муборак!
Манчестерга қайтишни сабрсизлик билан кутяпман — шахсан учрашиб, сиздан дастхат олишга умид қиламан!”, — деб ёзган қиз ўз постида.
Эслатиб ўтамиз, аслида “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиси бўлган Абдуқодир Ҳусанов профессионал фаолиятида Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида бошлаган. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаларидаги ўйинлари билан Европа клублари назарига тушган Абдуқодир Ҳусанов 2023 йили Франциянинг ўша пайтдаги вице-чемпиони “Ланс” таркибига кўчиб ўтди.
Франция клубидаги бир ярим йиллик фаолиятидан кейин Абдуқодирни 2025 йилнинг 20 январида “Манчестер Сити” 40 миллион евро эвазига ўз сафига қўшиб олган.
Пак Хи Жон эса, талаб юқори бўлган фотомодель ҳисобланади, у кўпинча кийим-кечак ва косметика брендлари билан ишлайди ҳамда “Ольжон” услубидаги (бу услубда асосий эътибор юз ва гримга қаратилган бўлиб, мақсад — имкони борича ёш ва ёқимли кўринишдир)эстетик фотосессияларда иштирок этади. Instagram тармоғида унга тахминан 50 минг нафар фолловер обуна бўлган.