Бугун 2 июль, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Хитой ва ўзбек археологлари гуруҳи Сурхондарёда эрамиздан аввалги VIII асрга оид манзилгоҳни аниқлади

Хитой ва ўзбек археологлари гуруҳи Сурхондарёда эрамиздан аввалги VIII асрга оид манзилгоҳни аниқлади

Хитой ва ўзбек археологларидан иборат гуруҳ Сурхондарё вилоятида милоддан аввалги VIII асрга оид манзилгоҳни топди. Бу ҳақда Global Times манбасига таяниб Дарё нашри хабар берди.

Манбада айтилишича, манзилгоҳ Сурхондарё дарёси бўйида аниқланган. Тадқиқотчилар манзилгоҳ ҳунармандлар турар жой мажмуаси бўлганини тахмин қилишмоқда.

Манзилгоҳ квадрат шаклидаги меъморий иншоот эканлиги хабар берилган. Унда бир нечта майдонлар мавжуд бўлиб, археологлар уларни ўчоқлар ва чиқинди ташланадиган чуқурликлар деб маълум қилишган.

Хароба манзилгоҳ остидан бир нечта квадрат шаклдаги кичик хоналар ҳам топилган. Археолог Хе Жиэрао Global Times газетасига маълум қилишича, бу жойлар қадимги ошхоналар ёки яшаш хоналари бўлган. Чунки манзилгоҳ яқин-атрофида кўп миқдорда кулолчилик буюмлари ҳам топилган.

“Ҳудудда тегирмон тошлари, зараркунандаларга қарши кукунлар ва идишлар топилди. Бу минтақада қадимги одамларнинг озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш усулларини очиб бериши мумкин”, — деган археолог Хе Жиэрао.

Сурхондарёдаги манзилгоҳни аниқлаш лойиҳаси археолог Ма Жиан ва унинг жамоаси томонидан Хитойнинг Шенси провинцияси, Сиан шаҳридаги Шимоли-ғарбий университетида бошланган. Манзилгоҳ ҳудудидаги қазиш ишларига апрель ойида киришилган.

Хитойлик ва ўзбекистонлик мутахассислар Ўзбекистон ҳудудида апрелдан июнгача жами учта манзилгоҳ аниқлашган. Улардан бири 6 та бино қолдиқлари ва 25 та қабрни ўз ичига олган Кушон империяси даврига алоқадор топилмадир.

“Бундай кашфиёт айнан шу ҳудудда қадимий Кушонлар маданиятининг хронологик вақт жадвалини аниқлаш учун маълумот тақдим этади. Бу Сурхондарё вилояти атрофидаги цивилизациянинг ривожланиш траекториясини ҳам тасаввур қилишимизга ёрдам беради”, — деган лойиҳада қатнашган археолог Ван Мен Global Times нашрига.

Сурхондарё дарёси бўйидан топилган манзилгоҳда қазишма давом этаётгани хабар қилинган. Тадқиқотчилар Фарғона водийсида ҳам манзилгоҳлар аниқлагани айтилган.

Киритилди: 15:29 24.06.2024. Ўқилди: 544 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!