Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги муносабатлар совуқлашмоқда. Бундан далолат сифатида Хитой саммит дастурини икки кундан бир кунга қисқартирди — буни Брюссел енгиллик билан қабул қилди.
Пекиндаги учрашувда Еврoсовет раиси Антониу Кошта ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Си Цзиньпин билан кўришди. Расмий табассумларга қарамай, муносабатлар таранг экани сезилди. Европа Хитойни Украинадаги урушни тўхтатишга таъсир кўрсатишга кўндиришга уриниб келди, аммо натижа бўлмади. Сўнгги вақтда Пекин ҳатто очиқчасига АҚШ президенти Дональд Трампни Тинч океани минтақасидан чалғитиш мақсадида урушнинг давом этишига манфаатдор эканини яширмай қўйди.
Бундан ташқари, Хитой ва ЕИ ўртасидаги муносабатларда бошқа жиддий муаммолар ҳам бор: хитой автосаноатининг Европадаги рақобати, стратегик металлар экспортида шаффофликнинг йўқлиги, Тайванга таҳдидлар, ва уйғурларга нисбатан инсон ҳуқуқлари бузилиши...
Саммитда фон дер Ляйен аввал Хитойнинг технологик тараққиётини мақтаб, 800 миллион одамни қашшоқликдан чиқарганини эътироф этди. Аммо сўнг шундай деди: «Биз бурилиш нуқтасига етдик», «Иккитомонлама муносабатларимиз қайта йўналтирилиши зарур». Бу бурилиш — ЕИнинг рекорд даражадаги 305,8 миллиард евро савдо дефицити.
Си Цзиньпин жавоб нутқида аниқ талаб ёки режаларни билдирмади. У ўзаро ишонч ва тушунишни кучайтиришга чақирди ҳамда: «Европа олдидаги муаммолар Хитойдан келиб чиқмаяпти», — дея таъкидлади.
Саммитда ягона келишув — бу икки томоннинг Париж климати келишувидан чекиниш қилмаслик бўйича баёноти бўлди. ЕИ ва Хитой иқлим ўзгаришига қарши курашни кучайтириш ниятида эканликларини билдиришди.