Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Хитой дунёси: давлатлар Пекинга тобора қарам бўляпти

Хитой дунёси: давлатлар Пекинга тобора қарам бўляпти

Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги қолган деярли барча давлатлар Хитойдан энг кўп қарз олувчи 50 та мамлакат қаторидан жой олган. Gazeta.ru ёзишича, охирги 10 йил ичида Хитой ривожланаётган ва ўтиш давридаги мамлакатларга кредит беришни кескин кўпайтирган.

Мақола Хитойнинг кредит сиёсати ва унинг орқасида турган манфаатлар ҳақида бўлгани учун уни ахборот ҳамкоримиз Tarjumon.uz тўлиқ таржима қилди.

Хитой кредитларининг бир хусусияти шуки, кредитлар асосан Хитой компаниялари амалга оширадиган йирик лойиҳаларга берилади. Шунингдек, у лойиҳаларда ишлаётганлар ҳам асосан хитойликлардан иборат бўлиши керак. Бундай сиёсат янги шерикларни етаклаб олиб келади. Ва албатта пул ҳам келтиради.

Хитой ўз таъсирини оширишга интилмаётгани, фақатгина бутун дунёдаги инфратузилмани ривожлантирмоқчи эканини доимо таъкидлаб келади. «Ушбу ривожланиш қайси босқичгача етиб боришидан қатъи назар, Хитой ҳеч қачон гегемонлик қилишга интилмайди», – дея ХХР раиси Си Цзинпиннинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Синхуа» агентлиги.

Қарздор тараф мажбуриятларини бажара олмай қолган ҳолатларда Хитой қурилган объект инфратузилмасидан фойдаланишни бошлайди – албатта, абадий эмас, фақат вақтинча, аммо бу бир неча ҳафта дегани ҳам эмас. Масалан, янги портни қуриш учун олган қарзини тўлолмаган Шри-Ланка уни Хитойга 99 йилга топширишга мажбур бўлди.

Хитой ҳукуматига стратегик муҳим портни бир асрга ижарага олиш 292 097 400 долларга тушди. Бундай ҳолат яна бир неча марта такрорланиши эҳтимоли жуда ҳам юқори.

Ҳарварднинг Жаҳон иқтисодиёти институти ва Мюнхен университети олимлари ўтказган тадқиқот натижаларига кўра Хитойдан энг кўп қарз олувчи 50 та давлат рўйхатига Россиянинг муҳим иттифоқчилари: Беларус, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳам кирган. Хитойнинг собиқ иттифоқ давлатларига фаол равишда кредит бериши Евросиё маконида «Бир макон – бир йўл» (Янги ипак йўли) лойиҳаси доирасида, Хитой ва Европа иттифоқи ўртасида кўприк сифатидаги муҳим ролидан келиб чиқади. Жамини олганда, таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, бошқа давлатларга берилган кредитлар ҳажми 5 трлн. долларга яқинлашди – бу Жаҳон банки ва ХВЖ портфелидан икки баравар кўпдир. Хитой йирик қарз берувчига айланди.

Шундай қилиб, Минскнинг Пекин олдидаги қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 13 фоизни ташкил этади. 6 август куни Беларус президенти Александр Лукашенко Хитой компанияларига мамлакатда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга чақирди. Хусусан, Минскда бассейн ва стадион қуриш ҳақида гап кетмоқда ва буни Пекин беғараз амалга оширишга рози бўлди. Тўғри, бу вазиятда Хитой расмийларининг алтруизм ва умуман хитойликларнинг спортни ривожлантириш ғояларига садоқати тўғрисида мулоҳаза билдириш қийин.

Май ойида Беларус ҳукумати Хитойнинг кредит ташкилоти билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланганини эълон қилди. «Хитой тараққиёт банки ҳукуматга қарз беради ва бу арзигулик ҳажмдаги қарз бўлиб, 0,5-0,6 миллиард доллар миқдорида бўлади», – деган эди Беларуснинг ўша пайтдаги молия вазири Максим Ермолович ва бу пуллар Россия кредитига муқобил бўлиши мумкинлигини таъкидлаб ўтганди.

Россиянинг Евросиё иқтисодий иттифоқидаги яна бир ҳамкори бўлган Қирғизистон Пекин энг кўп қарз берган бешта мамлакат қаторига киради (Жибути, Тонга, Малдив ороллари ва Конго Республикаси билан бирга). Тадқиқотчиларга кўра, Қирғизистоннинг Хитойдан қарзи ўз ялпи ички маҳсулотининг 30 фоизини ташкил этади. Туркманистонда қарзлар улуши Беларусникидан (тахминан 6,7 миллиард доллар) юқори, Тожикистонда у ялпи ички маҳсулотнинг 15 фоизига тенг, Ўзбекистонда эса 5 фоиздан ошади. Россиянинг энг яқин шериклари орасида фақат Арманистон ва Қозоғистон Пекиндан ЯИМнинг 5 фоизидан кам миқдорда қарздор.

Хитойнинг Европадаги асосий шерикларидан бири бўлган Сербия яқин йилларда йирик минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш учун миллиардлаб евро сармояларни жалб этиш ниятида, бу ҳақида июл ойи ўрталарида давлат инфратузилма вазири Зорана Михайлович баёнот берди. Reutersмаълумотларига кўра, айни вақтда Пекиннинг Сербия иқтисодиётига қўшган ҳиссаси 5 миллиард еврога тенг. Македониягача бўлган темирйўл линиясини хитойликлар маблағи билан реконструкция қилиш режалаштирилмоқда – Хитойнинг йўллар ва кўприклар қуриш бўйича корпорацияси лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан шуғулланмоқда. Лойиҳага қарийб 600 миллион евро сарфланиши кутилмоқда.

«Хитой, шунингдек, Африкадаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда», – деб ёзади Bloomberg, бунда Пекиннинг маблағи Африканинг энг йирик нефт ишлаб чиқарувчиси бўлган Нигерияни икки томонлама кредитлашнинг 80 фоизига тўғри келади.

Хитой темирйўллар, электр станциялари ва аэропортлар қурилишига сармоя киритмоқда ва ўз навбатида бунёдкорлик ишларини Хитой компаниялари бажармоқда.

The Africa Report маълумотларига кўра, Эфиопия Хитойдан 2019 йил бошида 12 миллиард доллар қарздор эди. Тўғри, бу вазиятлардан хавотирда бўлган Пекин халқаро ҳамжамиятнинг босими остида ушбу қарзни бекор қилишга рози бўлди. Аммо Африканинг бошқа давлатлари бундай сахийликни фақат орзу қилишлари мумкин – масалан, Кения 2006 йилдан 2017 йилгача Пекиндан 9,5 миллиард доллар қарз олган.

Энди мамлакат раҳбарияти хитойлик шерикларидан Момбаса ва Найроби ўртасида темирйўл қурилиши учун қўшимча маблағ олишга умид қилмоқда, лойиҳанинг умумий инвестицион ҳажми 10 миллиард долларни ташкил қилади ва Кениянинг ёрдамисиз бу ишни уддалай олмайди.

Африкалик мутахассислар охир-оқибат бу темирйўлнинг тақдири Шри-Ланкадаги портникига ўхшамасайди деган хавотирга тушишмоқда, чунки бу кенг миқёсли лойиҳа яқин орада ўзини қоплолмайди. Jubilee Debt Campaign мутахассислари ҳисобига кўра Африка мамлакатларининг ташқи қарзининг 20 фоизи Хитойга тўғри келади ва 2012 йилдан кейин бу кўрсаткич йилига қарийб 10 миллиард долларга ўсган. Ҳукуматларнинг ҳаммаси ҳам бу қарзларни тўлашга қодир эмас.

Шу сабабли Хитойнинг фаровонлиги деярли бузилмас пойдеворга эга – ўнлаб йирик инфратузилма лойиҳалари ва дунёнинг кўплаб мамлакатлари Пекин ҳисобидан яшаб келмоқда.

Киритилди: 07:30 09.08.2019. Ўқилди: 3395 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!