Владивостокда ўзбекистонлик муҳожирлар калтакланди.
2025 йил 13 сентябр куни Россиянинг Владивосток шаҳрида бир гуруҳ ёшлар Ўзбекистон фуқароларини дўппослади. Ҳодиса ҳақида Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консули Юсуп Кабулжанов муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда россиялик ўсмирлар муҳожирларни калтаклаётгани, уларни ҳақорат қилиб масхара қилаётгани акс этган. Воқеани ёшлардан бири телефонга ёзиб олган.
Консул маълумотича, ҳолат юз берган заҳоти жабр кўрган фуқаролар билан боғланилиб, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Владивосток Ички ишлар бошқармасига расмий ариза йўлланган ва Приморск ўлкаси Прокуратурасига тегишли чоралар кўриш зарурлиги ҳақида нота юборилган.
Изоҳда таъкидланишича, мазкур воқеа Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ва Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан алоҳида назоратга олинган.