Бугун 10 май, 2025 йил, шанба

O'ZB

Халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни қандай?

Халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни қандай?

Мамлакатимизнинг устувор рейтингларда юқорилаб бораётгани юртимизда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, жамиятда очиқлик, ошкораликни таъминлаш борасида қилинаётган эзгу ишлар натижасидир.

2022 йилда Ўзбекистон 2021 йилда эълон қилинган ва ўзи учун устувор деб билган жами 19 халқаро рейтингдан 11 тасида ўз позициясини яхшилади. Жумладан, 2022 йилда Глобал инновациялар индексида ўз ўрнини 4 поғонага кўтариб, 132 давлат орасида 82-ўринни, Рақобатбардош саноат унумдорлиги индексида 5 поғонага кўтариб, 154 давлат орасида 89-ўринни, Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида 18 поғона яхшилаб, 193 давлат ичида 69-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш муаммолари: назария, амалиёт ва стратегия” мавзусида ташкил этилган халқаро илмий-амалий конференцияда шу ҳақда сўз юритилди.

Давлат бошқаруви академияси, Тошкент Сингапур менежментни ривожлантириш институти, “Science and innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуманда вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар, олимлар, ёш тадқиқотчилар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Давлат бошқаруви академияси ректори, профессор Адҳам Бекмуродов халқаро рейтинг ва индекслар дунёдаги институционал муҳитнинг сифатини баҳолашда иқтисодий ривожланишнинг асосий шарти сифатида жаҳон ҳамжамияти томонидан қабул қилинган восита эканини қайд этди.

Мамлакатимизнинг ҳар бир жабҳасида янгилик ва бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Табиийки, бундай янгиланишлар натижаси нафақат халқимиз ҳаётида, балки нуфузли халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизнинг ўрнини юқорилаб бораётганида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги фармони, 2022 йил 18 майдаги “Халқаро рейтинг va индекслар билан ишлашда илмий салоҳият ҳамда амалий фаолият уйғунлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтарди.

Конференцияда сиёсатчи ва олимлардан 500 дан ортиқ, хорижий тадқиқотчилардан 50 га яқин илмий мақола ва тезислар келиб тушди ҳамда уларнинг 200 таси танлаб олинди.

“Science and innovation” халқаро илмий журнали билан ҳамкорликда ҳар бир мақолага рақамли идентификатор рақами (DOI) олиниб, Польшанинг “Indeks Copernikus”, Европанинг “Zenodo va Open Aire”, Россиянинг “Cyberlinenka”, Англиянинг “EuroPub” халқаро илмий базаларига жойлаштирилди. “Google akademiya” халқаро илмий қидирув тизимида индексланди.

Бу эса, анжуман доирасида нашр этилган мақола ва тезислардан дунёнинг турли нуқталаридаги тадқиқотчилар эркин фойдаланишига имкон яратади.

Ҳаммамизга маълумки, ҳар бир индекс бошқа индекс ва рейтинглар билан ўзаро боғлиқ. Шу сабабли анжуман соҳадаги муаммоларни аниқлашга, уларга ечим ва тавсиялар ишлаб чиқишга, қолаверса, халқаро тажрибалар алмашишга кенг замин яратди.

Мутахассислар билдирган таклиф ва тавсиялар бугунги кунда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилашга дастуриламал бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Киритилди: 10:31 20.11.2023. Ўқилди: 3459 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!