Суднинг Судолди палатаси Венгрияга 2025 йилнинг 23 майига қадар Рим статутининг 87-моддаси 7-бандига мувофиқ ҳимоя учун ариза топширишни таклиф қилди, деб хабар берди Аnadolu агентлиги.
Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Судолди палатаси Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олиш ордерини бажармаган Венгриядан тушунтириш талаб қилди. ХЖС баёнотида таъкидланганидек, Олдиндан эшитувлар палатаси Венгриядан Рим статутининг 87-моддаси 7-бандига мувофиқ 2025 йил 23 майга қадар ҳимоя тақдим этишни сўради.
Баёнотга кўра, ХЖС котибияти Рим статутининг 92-моддасига асосланиб, Нетаньяхунинг Венгрияга келгани аниқлангандан кейин 2025 йил 3 апрель куни Венгрияга вақтинчалик ҳибсга олиш учун сўров юборган. Бироқ Нетаньяху 6 апрелгача Венгрияда бўлганига қарамай, ҳибсга олинмади.
Судолди палатаси Рим статутининг 87-моддаси 7-бандига биноан иш бўйича тергов бошланганини эълон қилди. Ушбу модда суд билан ҳамкорлик қилиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган давлатларга нисбатан чоралар кўриш имконини беради.
Нетаньяхуга қарши айблов 2024 йилнинг 20 майида Ғазо секторида содир этилган ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар учун қўйилган. 2024 йил 21 ноябрда ХЖC Судолди палатаси уч шахсни, жумладан Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун ордер берди. Агар тергов Венгрия ХЖС олдидаги мажбуриятларини бузганлигини исботласа, масала ХЖС иштирокчи-давлатлар Ассамблеясига юборилади ва у ерда тегишли чоралар кўрилади.
Венгрия Халқаро жиноий суд таркибидан чиқишини эълон қилди
Нетаньяхунинг расмий ташрифи чоғида Венгрия ҳукумати Халқаро жиноий суд таркибидан чиқиш қарорини эълон қилди. Рим статутига кўра, бундай қарор БМТ Бош котибига хабар қилинганидан кейин бир йил ўтгач кучга киради. Ушбу даврда Венгрия суд олдидаги мажбуриятларини бажариши, шу жумладан, зарурат туғилганда ҳибсга олиш тўғрисидаги буйруқни бажариши керак. Аввалроқ, 2018 йилда Филиппин ҳам ХЖCдан чиқишга қарор қилган эди. Бироқ, мамлакатнинг собиқ президенти Родриго Дутерте мамлакат суд таркибидан чиққунга қадар ҳаракатлари учун ХЖС томонидан тергов остида қолмоқда.