Бугун 21 декабрь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Халқаро анжуманда табиий ечимлар ва яшил технологиялар муҳокама қилинди

Халқаро анжуманда табиий ечимлар ва яшил технологиялар муҳокама қилинди

19–20 декабрь кунлари Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти томонидан Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети («Green University»)да “Экологик муаммоларнинг табиатга асосланган ечимлари” мавзусида III халқаро илмий-амалий анжумани ўтказилмоқда. Тадбир давлат органлари, жамоатчилик вакиллари, нодавлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек хорижий давлатлардан соҳа мутахассисларини бирлаштирди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти Шаҳло Турдикулова, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги вакили Рашид Тошев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон экологик партияси фракциясининг раҳбари Абдушукур Хамзаев, шунингдек, IUCNнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий координатори Дмитрий Горшков томонидан очиб берилди. Қутлов қисми давомида Азиз Абдуҳакимов «Green University»нинг янги тайинланган ректори Бахтиёр Пўлатовни таништирди.

Шунингдек, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси табрик сўзи давомида, бугунги кунда Ўзбекистон иқлим ўзгариши, сув ресурслари танқислиги, биоxилма-хилликнинг йўқолиши, ерларнинг шўрланиши ва атмосфера ҳавосининг ифлосланиши каби жиддий экологик муаммолар билан юзма-юз келаётганини таъкидлади. Ушбу муаммолар нафақат атроф-муҳитга, балки иқтисодиёт, жамоатчилик ва аҳоли саломатлигига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, анжуманни ўтказишдан кўзланган мақсад барқарор ривожланиш тамойиллари ҳамда илғор, экологик йўналтирилган технологиялар асосида экологик ислоҳотларни амалга оширишнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатларини муҳокама қилишдан иборат экани қайд этилди.

Нутқда 2025-йил “Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили” деб эълон қилингани, шунингдек, соҳа бўйича ваколатли идоранинг Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига айлантирилиши экологик ислоҳотларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлгани алоҳида таъкидланди. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида кўламли вазифалар белгиланган бўлиб, улар қаторида кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш, Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар майдонини 2,3 миллион гектаргача кенгайтириш, чўлланиш, қурғоқчилик ҳамда чанг-қум бўронларига қарши курашиш мақсадида 600 минг гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш, алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш, шунингдек, яшил энергетика улушини 54 фоизга етказиш каби вазифалар мавжуд. Бундан ташқари, Ўзбекистон Париж келишуви доирасида 2035-йилга қадар иссиқхона газлари чиқиндиларини 50 фоизга қисқартириш мажбуриятини олган.

Азиз Абдуҳакимов халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлар экан, экологик ва иқлимий муаммолар чегара билмаслиги ҳамда биргаликда ҳаракат қилишни талаб этишини қайд этди. Шу нуқтаи назардан, «Green University»да IUCN минтақавий ваколатхонасининг очилиши халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиёдаги экологик муаммоларни илмий асосланган ечимлар орқали ҳал этишда Ўзбекистон тутган ролига бўлган юксак ишончи намунаси эканлиги билдирилди. Шунингдек, университет базасида Хитой Фанлар академиясининг Шинжон Экология ва география институти билан ҳамкорликда ташкил этилган Марказий Осиё экология тадқиқот маркази минтақавий илмий изланишлар учун асосий платформага айланишига ишонч билдирилди.

Анжуманнинг ялпи мажлиси доирасида маҳаллий ва хорижий етакчи экспертларнинг маърузалари тингланди. Ўзбекистоннинг бугунги кундаги экологик ва сув хўжалиги муаммолари ҳамда иқлим ўзгариши шароитида уларни ҳал этиш йўллари диққат марказида бўлди. Алоҳида маъруза яшил иқтисодиётни шакллантириш масалалари, унинг ривожланиш мантиғи ва яшил технологияларни жорий этишнинг инновацион йўналишларига бағишланди.

Онлайн чиқишлар давомида тоза сув билан таъминлаш ва «яшил» энергетикага ўтишда табиатга асосланган ёндашувлар, шунингдек, сув ва яйлов экотизимларининг иқлимий барқарорлигини оширишга қаратилган табиатга ижобий таъсир кўрсатувчи сиёсатни амалга ошириш бўйича халқаро тажриба кўриб чиқилди. Иштирокчиларга Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудудларида экотизимларни қайта тиклаш учун экологик ечимлар салоҳиятининг илмий баҳолари тақдим этилди.

Шунингдек, сувсиз зоналарда сув тежовчи технологияларнинг сув ресурслари ҳолати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигига таъсири, замонавий усул ва воситалар ёрдамида шаҳарлардаги иқлимий ва табиий хатарларни бошқариш масалалари, ерлардан фойдаланишни баҳолашда интеграциялашган ёндашувлар ҳамда дарё ҳавзаларини барқарор бошқариш стратегиялари муҳокама қилинди. Экологик ечимлар соҳасида инновацияларни жорий этишни жадаллаштириш бўйича халқаро ташаббусларга, шунингдек, Термиз шаҳри мисолида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий манбаларни баҳолаш ва ҳавонинг сифатини мониторинг қилиш ҳамда бошқариш тизимларини такомиллаштириш бўйича тавсияларга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки кун давомида конференция иштирокчилари халқаро илмий мулоқотни ривожлантириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга урғу берган ҳолда, экологик барқарорликни ошириш ва иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган экологик технологиялар соҳасидаги долзарб илмий ёндашувлар ва амалий ечимларни муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Киритилди: Бугун 09:48. Ўқилди: 203 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!