Бугун, 21 апрель куни Марказий кўргазмалар залида Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов бундай ижодий лойиҳалар миллий тасвирий санъатимизда эришилган ютуқларни сарҳисоб қилиш имконини берганини таъкидлади.
Бир ҳафта мобайнида пойтахтимиз кўргазма залларида қизиқарли кўргазмалар, ижодий мулоқотлар, давра суҳбатлари, ижодий анжуманлар, маҳорат дарслари, миллий либослар намойиши бўлиб ўтди. Айни пайтда қизиқарли тақдимотлар, очиқ осмон остидаги машғулотлар ташкил этилди.
Юртимиз ва хорижлик рассомлар билан ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболлари белгиланди.
Фестиваль якунида ғолиблар кўплаб номинациялар бўйича диплом ҳамда эсдалик совғалари, олтин, кумуш, бронза медаллари, рағбатлантирувчи дипломлар билан тақдирланди.