Хаби Алонсо янги мавсумда уч марказий ҳимоячи билан ўйнаш тизимини қўлламоқчи. Шу билан бирга, мураббийни Рауль Асенсионинг ўйини қониқтирмади. Ok Diario нашри тарқатган хабарга кўра "қаймоқранглилар" тарбияланувчиси клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзини яхши кўрсата олмади, шу сабабли у Алонсонинг янги мавсумдаги режаларига асосий таркиб футболчиси сифатида киритилмаяпти.
Умуман олганда, Асенсио тез орада иккинчи планга тушиб қолиши кутилмоқда. Қолаверса, "Реал" ёздаёқ ҳимоя чизиғига янги футболчи - Ибраима Конатени қўшиб олса, Рауль учун вазият янада мураккаблашиши мумкин.
22 ёшли Рауль Асенсио "Реал" асосий жамоаси сафида 46 та ўйинда майдонга тушган. Уларда ҳимоячи иккита голли пас берди.