Илон Маскнинг нейротармоғи автоматик иврит таржимаси маъно бузилиши сабаб ўчириб қўйилганини таъкидлади. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса бу қарор исроиллик блогерлар томонидан содир этилаётган ҳарбий жиноятларни қўллаб-қувватлашни яширишга уриниш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди.
Аввал Twitter номи билан танилган X платформаси иврит тилидаги постларнинг автоматик таржимасини ўчириб қўйган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Исроилнинг «Исраэль хайом» газетаси хабар берди. X платформаcига ўрнатилган Grok боти мазкур функция кескин вазиятда контекст бузилишига йўл қўймаслик учун ўчирилганини айтган. Шунингдек, компания томонидан ҳеч қандай расмий баёнот берилмаган.
Хабарга кўра, чеклов айнан лентада кўринишдан олдин қўлланиладиган автоматик таржимага тааллуқли. Шу билан бирга, «Таржимани кўрсатиш» тугмаси фаол бўлиб қолмоқда ва иврит тилидаги постлар бошқа тиллардаги каби шу тугма орқали таржима қилинади. Grok боти ноаниқ таржималар натижасида юзага келиши мумкин бўлган провокацион ёки қоидаларга зид талқинларнинг олдини олиш мақсад қилинганини билдирган.
Тўғридан-тўғри сўров қилинганда бот чеклов фақат иврит тилига тегишли эканини ва платформанинг расмий сиёсати сифатида жорий этилганини тасдиқлаган. Унга кўра, бошқа тиллар бўйича бундай чоралар қўлланилмаган.
Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар бу қарор Фаластин аҳолисига қарши геноцидга чақириқларни, шунингдек машҳур исроиллик блогерлар, журналистлар ва сиёсатчилар томонидан содир этилаётган ҳарбий жиноятларга муносабатларни яшириш уринишлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган.