Ҳозир ҳаётимизни симсиз технологиядан айро тасаввур қилолмаймиз. Ҳеч биримиз смартфонни қўлдан қўймаймиз. Кафеда, уйда ёки паркда ҳам Wi-Fi ёрдамида интернетга уланиш имконига эгамиз. Табиийки, кейинги пайт кўпчиликда ҳаво орқали маълумот алмашиш қурилмасидан доимий равишда фойдаланиш соғлиқ учун зарарли эмасми, деган савол пайдо бўлган.
Аксарият экспертлар фикрича, Wi-Fi инсон саломатлигига сезиларли таъсир кўрсатмайди, аммо яна бир жиҳатни эсдан чиқармаслик керак. Бундай технология, барибир, инсоният учун янги ва эҳтимолий зарар ҳақида узил-кесил далил йўқлиги салбий таъсир мавжудлигини бутунлай истисно этмайди.
Мутахассислар тавсиясига қулоқ солиш зиён қилмайди, албатта. Нафақат болалар, балки катталар ҳам доимий равишда онлайн вақт ўтказиш масаласига жиддий муносабатда бўлиши лозим. Яъни, Wi-Fi қурилмасини болалар хонасига ёки ётоқхонанинг бош томонига қўйиш тавсия қилинмайди. Қолаверса, интернетсиз ҳам ҳаёт бир маромда кечганини эсдан чиқармайлик. Тоза ҳаво, ҳаракатли ўйинлар саломатлик учун жуда фойдали экани сир эмас.