Украина Хавфсизлик хизмати Венгрияни Карпаторти ҳудуди мудофааси тўғрисида маълумотлар тўплаганликда ва қўшин киритишни режалаштирганликда айблади.
Украина Хавфсизлик хизматининг (УХХ) маълум қилишича, илк бор Венгрия ҳарбий разведкасига алоқадор агентлик тармоғи фош қилинган. Бу тармоқ минтақанинг қуруқлик ва ҳаво мудофааси тўғрисида, шунингдек, маҳаллий аҳолининг ижтимоий-сиёсий қарашлари ҳақида маълумот тўплаган. Жумладан, агар минтақага Венгрия қўшинлари киритилса, аҳоли қандай ҳаракат қилиши таҳлил қилинган.
"Икки нафар шахс қўлга олинган, улардан бири Венгрия ҳарбий разведкаси ходими, иккинчиси 40 ёшли собиқ украин ҳарбийси. Тергов маълумотларига кўра, у 2021 йили Венгрия махсус хизматлари томонидан ёлланган", дейилади УХХ баёнотида.