Бугун 25 февраль, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Ўзбекнинг суюкли чапани шоири

Ўзбекнинг суюкли чапани шоири

Инсон яралибдики, у ҳамиша санъатга, шеъриятга, гўзаликка интилиб яшайди. Санъат ва шеърият кўнгилнинг туб-тубига етиб бориб, очилмай турган, денгиз тубида минг йиллар сақланиб турган маржон каби қалбимиздаги ҳисларимизни, туйғуларимизни беҳосдан жумжушга келтиради, десак янгилишмаган бўламиз. Бугунги замонда жаҳон шиддат ила ривожланиб, тобора кўркамлашиб боргани каби шеърият аҳли ҳам кенгайиб, мукаммаллашиб бормоқда. Бироқ қанчалик ривожланмасин, дунёда қандай ҳодисалар содир бўлмасин, шеърият абадий камол топади. У на вақт, на жой, на шароит ва на кўнгил танлайди. Ҳар жойда ва ҳамма вақт у ўз шайдосини излаб юради. Албатта, бунда шоирдан тинимсиз меҳнат, теранг фикр, чуқур синчиковлик ва юксак бадиий тасаввур талаб этилади. Санъат аҳлидан эса шеърни тўғри танлай билиш, уни ҳис эта олиш, шоир руҳияти билан бирга ҳаёллар денгизга шўнғиш лозим бўлади.

Ана шундай киши қалбига нур каби кириб борган ўзбек шоирларидан бири бу андижоннинг марҳаматли фарзанди – Муҳаммад Юсуф. У миллионлаб шеърият ошноларининг кўнгил сандиғини бузиб, қалбларига унитилиб бўлмас шеърларни муҳрлаб қўйган. Ўзининг шеърларида Ватан ва Она тимсолларини шундайин улуғлаганки, мутолаа қилган киши ўзида ўзгача ғурур, фахр-ифтихор, ўзгача жўшқинликни ҳис этади. Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов шоир Муҳаммад Юсуфни шундай сўзлар билан хотирлаган эди: "Муҳаммад Юсуфни халқимиз севиб дилида сақлайди, Ватан куйчиси, Истиқлол куйчиси деб ардоқлайди, ўзбек элига улуғ меҳр садоқат сингиб кетган назокатли, самимият тўла шеърларини қадрлайди, қўшиқ қилиб айтади. Унинг шеъриятини чин маънода қанотли шеърият, юрт осмонида баланд парвоз қилувчи, юракларга қанот бергувчи шеърият деса бўлади. "Чиндан ҳам у қуш, шеърлари эса қанотлари эди. Бироқ ҳозир биз қушнинг ўзини кўра олмасакда, унинг қанотлари ҳозир ҳам парвоз қилмоқда ва бу парвоз кундан кунга юқорига томон талпинмоқда.

Шоирнинг шеъриятида Ватан мавзуси алоҳида саҳифа, энг жозибадор саҳифа ҳисобланади. Она Ватан ҳақида шоир томонидан биронта шеър йўқки, санъаткорлар бу шеърларни куйга солмаган бўлса. Шоирдан "Ватан - ўзи нима?" дея сўрашганда, "Ватан... Дунёда ундан гўзали йўқ, дунёда ундан ҳалоли йўқ, ундан кучлироқ кечирувчани йўқ, ундан кучли меҳрибони йўқ. У сени нима иш қилсанг ҳам кечиради. Ҳатто баъзида "алдасанг" ҳам кечиради. Тасаввур қилингда... Менинг онамдек хокисор зотни яхши кўриб суйганлар – менинг дўстим. Лекин мени онамга биров тош отса, мен уни қўлини уриб синдираман." дея ҳақиқий чапанича, ўзбекнинг танасини титратадиган сўзлар билан жавоб беради. Ва шунинг учун бўлса керакки, у Ватан тупроғининг ҳар бир кичик заррасини ҳам қоғозга тиллолардек улуғлади. Биргина шоирнинг "Иқрор" дея номланган шеърида шундай мисралар битилган:

Билдимки, баридан улуғим ўзинг,

Билдимки, яқини шу тупроқ менга.

Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг,

Араб оҳусидан азизроқ менга.

Сен билан ўтган ҳар кун байрам - базм,

Сенсиз бир он қолсам ваҳмим келади.

Сени билганларга қиламан таъзим,

Сени билмасларга раҳмим келади.

Афсуски, тарихдан бизга маълумки, бу даврга қадар ўзбек адабиёти жуда катта йўқотишларга, назм ва навода тенгсиз бўлган жасур ёзувчи ва шоирларимизнинг қурбонликларига шоҳид бўлганмиз. Собиқ СССР тузумида яшаб, ижод қилган Абдулла Авлоний, Фитрат, Беҳбудий, Маннон Уйғур, Усмон Носир, Чўлпон каби улуғ сиймолар коммунистларнинг жоҳиллига туфайли бевақт ва бешавқатларча бу ёруғ дунёни тарк этишган. Шоир Муҳаммад Юсуф ҳамиша ана шу ўтмишдан сабоқ олиб яшади. Аждодларимиз, мозийнинг тенгсиз қаҳрамонларини улуғлаб, уларга шукрона айтиб шеърлар битди. Бироқ кези келганда, ўтмишдаги аламли қурбонликлар, адабиёт кушандаларидан ҳамиша нафратланди. Шоирнинг шеър битаётган пайтидаги ҳис-туйғуларини тушунтириш қийин, бироқ Муҳаммад Юсуф буни эпларди. Боиси у шодликини ҳам нафратини ҳам бир маромда қоғозга туширарди:

Ўтган кунинг - ўтган кундир,

Ўз бошингга етган кун,

Қодирийни берган замин,

Қодирийни сотган кун.

Қўлин боғлаб, Дилин доғлаб,

Етаклашиб кетган кун,

Воҳ болам! деб айтолмаган

Дудуғимсан, Ватаним.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев шундай деганди: "Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир"! Юқоридаги фикрларни мен ҳар сафар ўқиганимда, "ҳар ўзбек она тилини ҳақида шундай ўйлаши, улуғаши лозим!" дея ичимдан фикр ўтказиб қўяман. Андижоннинг чапани шоири Муҳаммад Юсуф эса уни ҳар сўзида, ҳар қоғозга тушираётган шеърида, ҳар олаётган нафасида ҳис этганлигини унинг Ватан, Она, Ўзбек тили, Юрт ҳақидаги шеърларида шеърият шайдоси ҳис этиши мумкин:

Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,

Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.

Тилилм туриб ўз тилимда гапирмадим,

Бир эсласам эзилади бағри-дилим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар,

Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар,

Қодирийлар, Чўлпонлар-у Абдуллолар,

Сенинг қайтган кунинг мен туғулган йилим,

Она тилим, эй муқаддас Она тилим.

2020 йил 20 май санасида пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг марказида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан "Адиблар хиёбони" барпо этилди. Очилиш маросимида шахсан Президентимизнинг ўзи иштирок этиб шундай сўзларни айтган эди: "Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз!" Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу боғга Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳайкалининг ҳам жойлаштирилганидир. Хиёбонни айланар экансиз сиз гўёки шоир-у ёзувчилар билан бир даврада ўтиргандек, улар билан ғойибона суҳбатлашгандек бўласиз. Чиндан ҳам Муҳаммад Юсуфдек барҳаёт шоирларимизни ўзбек халқи ҳеч қачон дилидан ва тилидан туширмайди. Уларнинг шеърлари ҳамиша парвоз қилишда давом этади. Ҳали унинг шеърлари миллионлаб санъаткорлар томонидан куйга солинади ва янада чуқурроқ инсонлар қалбида жой эгаллайди. Одамларга умид ва муҳаббат беришда уларнинг шеърлари тилдан тилга, элдан элга ўтиб юраверади. Шоирнинг таъбири билан айтганда:

Ўлса ўзи ўлар, Сўзи ўлмайди,

Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар.

Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,

Юракка кўмилар асл шоирлар.

Шаҳзод Отамуродов,
Тошкент давлат юридик университети тютори

Киритилди: Бугун 14:11. Ўқилди: 103 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!