Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги ўзининг энг юқори чўққисига яқинлашмоқда. 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бутун жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортадиган улкан тарихий воқеа – ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Саммити бўлиб ўтади.
Самарқанд саммитига қизиқиш ортиб бораётгани, авваламбор, бўлажак тадбир иштирокчилари, жумладан, 15 та давлат раҳбарлари, БМТ, МДҲ ва бошқа қатор халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали делегациялари вакилларининг алоҳида вакиллик таркиби билан боғлиқ. Бундай кенг кўламли тадбир арафасида Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигининг хусусиятларини сарҳисоб қилиш ва ёдга олиш зарур.
Шу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз бу шарафли, аммо машаққатли миссияга бошиданоқ ўта масъулият билан ёндашди. Пандемия ва глобал иқтисодий турғунлик билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон Ташкилот доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга самарали ва изчил ҳисса қўшди ва унинг халқаро нуфузини ошириш йўлида тинимсиз меҳнат қилди.
ШҲТ салоҳияти ва нуфузини мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, қашшоқликни камайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш Ўзбекистон раислигининг асосий устувор йўналишлари ва вазифалари қаторидан белгиланди. Қайд этилган вазифалар ижроси доирасида бугунги кунга қадар 100 га яқин тадбир муваффақиятли ўтказилди, шундан 20 дан ортиғи тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари даражасида бўлиб, иккитаси Ўзбекистон томонидан илк бор ташкил этилмоқда. Хусусан, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг камбағалликни қисқартириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишлари.
Ўзбекистон томони тадбирларни ташкил этишда янгича ёндашув ва форматларни жорий қилди. Шу тариқа, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг йиғилишларини, шунингдек, ШҲТ Миллий координаторлари кенгаши йиғилишларини мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўтказиш бўйича самарали амалиёт йўлга қўйилди.
Бундай ноодатий ёндашув Ўзбекистоннинг ШҲТдаги ҳамкорларига мамлакатимиз ҳудудлари салоҳияти билан яқиндан танишиш имконини берди. Тадбирлар нафақат Тошкентда, балки Нукус, Бухоро, Фарғона, Хива, Самарқандда ҳам ўтказилди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг июнь-июль ойларида Ўзбекистонда бир қатор йирик тадбирлар, жумладан, ШҲТга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ташқи ишлар вазирларининг учрашувлари бўлиб ўтди. Шу билан бирга, ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари йўлга қўйилди, бу эса кун тартибини замонавий воқеликларни ҳисобга олган ҳолда бойитишга хизмат қилди. Шундай қилиб, Ўзбекистон ташаббуси билан жорий йилда илк бор ташкил этилган ШҲТ мамлакатлари ёшлари ўртасида энг яхши стартап лойиҳаси танлови, киберспорт бўйича чемпионат, шунингдек, ШҲТнинг ахборот хавфсизлиги бўйича илмий-эксперт форуми ўтказилди.
Тошкентнинг ШҲТга раислигига қаратилаётган улкан эътиборнинг яна бир далили Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Самарқанд ШҲТ саммити: ўзаро боғлиқ дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали консептуал мақоласидир. Унда Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг ШҲТ билан муносабатларининг фундаментал жиҳатлари, жумладан, бизнинг раислик даврида ва ундан кейинги даврда мазкур ташкилотни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва истиқболлари бўйича ўз қарашларини аниқ белгилаб берди.
Мақолада “Ҳар биримиз кучли бўлсак, ШҲТ кучли” шиори остида Ўзбекистон Ташкилотни ичкаридан янада кучлироқ, ташқи томондан эса халқаро ҳамкорлар учун жозибадор қилиш учун жиддий саъй-ҳаракатлар қилгани алоҳида таъкидланади.
Шу муносабат билан, Президент таъкидлаганидек, “Ўзбекистон ўз раислиги даврида ҳамкорлик учун янги уфқларни очиб, унинг ҳар бир иштирокчисида мавжуд бўлмаган захираларни ишга тушириш орқали Ташкилотни илғор ривожлантириш стратегиясига таянди”.
Машаққатли меҳнат натижасида Ўзбекистон бир йил ичида 30 дан ортиқ стратегик аҳамиятга ва амалий характерга эга бўлган ШҲТнинг 30 дан ортиқ ҳужжатларини келишиш жараёнини бошлаш, мувофиқлаштириш ва якунлашга муваффақ бўлди. Улар ШҲТда ўзаро ҳамкорлик соҳаларини мазмунли кенгайтиришга қаратилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон ШҲТга раисликни муваффақиятли амалга ошириш бўйича ўз олдига қўйилган барча вазифаларни тўлиқ бажарди, деган хулосага келиш мумкин.
Шубҳасиз, бўлажак Самарқанд саммити ШҲТни янада ривожлантиришга кучли туртки беради ва ассоциацияга аъзо мамлакатларнинг кўп қиррали ўзаро ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Натижада Ташкилотга раислик эстафетаси илк бор Ҳиндистонга ўтади ва у ШҲТ кун тартибидаги долзарб муаммоларни ҳал этиш устида ишлашни давом эттиради.
Aзамат Сулиманов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи тадқиқотчиси