Ўзбекистоннинг экспорт бозорида етакчи давлатлар маълум бўлди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январ–август ойларида мамлакат экспорти 23 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31,3 фоизга кўп.
Экспортда энг юқори улушга эга давлат Россия бўлиб, унга 2,9 миллиард долларлик маҳсулот етказиб берилди. Иккинчи ўринда Хитой (1,2 миллиард доллар), учинчи ўринда эса Қозоғистон (910,8 миллион доллар) қайд этилган.
Шунингдек, Афғонистонга 881,6 миллион долларлик, Туркияга 736,4 миллион долларлик товарлар экспорт қилинган. Франция (618,6 миллион доллар) ҳам етакчи шериклар қаторида бўлиб турибди.
Бундан ташқари, Бирлашган Араб Амирликлари (493,6 миллион доллар), Қирғизистон (371,3 миллион доллар), Тожикистон (338 миллион доллар) ва Покистон (267,9 миллион доллар) Ўзбекистон маҳсулотларининг йирик харидорлари сифатида қайд этилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, экспорт ҳажмининг кескин ўсиши мамлакат ишлаб чиқариш қувватлари ва ташқи бозордаги талабнинг ортиши билан боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистоннинг олтин экспорти 69 фоизга ошди.