Тошкент шаҳридаги Ўрикзор бозорида сотилаётган, Хитойда ишлаб чиқарилган MOZERE бренди остидаги соч қуритиш мосламаси (фен) маҳсулотига нисбатан назорат хариди ўтказилди. Лаборатория текширувлари натижасида маҳсулотнинг белгиланган стандарт талабларига мос келмаслиги аниқланди.
Салбий оқибатлари:
* ток қаршилигини оширади;
* ток ўтказгичдан оқим ўтганда сезиларли даражада қизиб кетади;
* изоляция ҳаддан ташқари қизиб кетади;
* ёниш ва ёнғинга сабаб бўлиши мумкин;
* ускунанинг хизмат муддати қисқаради.
Шунингдек, Марғилон шаҳридаги TRZ бозорида сотилаётган, Хитойда ишлаб чиқарилган FABOL’AI бренди остидаги 800 мл ҳажмдаги "Гель для души" маҳсулоти бўйича ҳам назорат хариди ўтказилди. Маҳсулотдан олинган намуна лабораторияда текширилиб, унинг стандарт талабларига мос келмаслиги аниқланган.
Салбий оқибатлари:
* терининг қичиши, қизариши ёки аллергик реаксиялар;
* тери тўқималарининг яллиғланиши;
* нафас йўлларига салбий таъсир кўрсатиши;
* терининг табиий мувозанатини бузиши, бу эса бактериал ёки замбуруғли касалликларга олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, Навоий шаҳридаги “STROOY” МЧЖ савдо дўконида ҳам маҳсулотларнинг стандартларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдаги назорат харидлари ўтказилди. Аниқланган камчиликлар уларнинг ишлатилиши жараёнида истеъмолчилар учун хавф туғдириши мумкинлигини кўрсатди.
Назорат инспексияси мутахассислари истеъмолчиларга бундай маҳсулотларни сотиб олаётганда уларнинг сертификатлари ва хавфсизлик белгиларига эътибор қаратишни, шунингдек, сифати шубҳали асбоб-ускуналардан фойдаланмасликни тавсия этмоқда.
Ҳурматли истеъмолчилар, сифациз маҳсулотга дуч келсангиз, 1880 рақамига қўнғироқ қилинг.