Ойбек Шахавдинов Ўзбекистоннинг Черногориядаги биринчи элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, у 25 ноябрь куни Черногория президенти Яков Милатовичга ишонч ёрлиқларини топширди. Президент қароргоҳида бўлиб ўтган тантанали маросимдан сўнг ўтказилган мулоқотда Ўзбекистон-Черногория муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, уларни янги сифат босқичига олиб чиқиш бўйича вазифалар муҳокама қилинди.
Яков Милатович Ўзбекистон халқини ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлида эришилган муваффақиятлар билан табриклаб, Ўзбекистонга тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик тилади. Черногория раҳбари, шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари муҳимлигини таъкидлади.
Черногория икки томонлама муносабатлар, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий соҳалардаги салоҳиятни юқори баҳолайди. Президент сайёҳлик ва гуманитар алмашинувлар учун қулай шароитлар яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Черногория ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2006 йил 19 декабрь куни ўрнатилган.