Ўзбекистонда яйлов ерларидан фойдаланишнинг янги тартиби жорий этилади. Президентнинг 2026 йил 14 октябрдаги ПҚ–374-сонли қарорига кўра, яйловлар ҳолатига қараб уч тоифага ажратилади, чорвачилик хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ва ерларни тиклаш бўйича қўшимча чоралар кўрилади.
Янги тартиб асосида яйловлар «яшил», «сариқ» ва «қизил» ҳудудларга бўлинади. «Яшил» ҳудудларда чорва молларини ўтлатишга рухсат берилади. «Сариқ» ҳудудларда яйловларнинг ҳолатини сақлаш мақсадида алмашлаб ўтлатиш мажбурий бўлади. «Қизил» ҳудудларда эса чорва боқишга камида уч йилга мораторий жорий этилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб бир бош йирик ёки майда шохли мол учун зарур яйлов майдони меъёрлари геоботаник таҳлил асосида, ҳудудлар кесимида беш гектардан ошмаган миқдорда белгиланади. Ушбу меъёрларни Чорвачилик агентлиги тасдиқлайди.
Қарорда маҳаллалар учун жамоат яйловларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Бундай ерлар халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари қарорлари асосида маҳалла фуқаролар йиғинларига 49 йил муддатга бепул ижарага берилади. Уларга нисбатан ер солиғининг ноль ставкаси қўлланади.
Шунингдек, 2028 йил 1 январдан яйловларни суғурталаш тизими жорий қилинади. Суғурта мукофотининг 50 фоизини яйловдан фойдаланувчилар, қолган ярмини эса Қишлоқ хўжалиги суғурта жамғармаси давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қоплайди.
2026 йил 1 октябрдан ҳисобланган яйлов ижара тўловлари тўлиқ ҳудудий яйлов хўжаликларига йўналтирилади. Қашқадарё вилоятининг Нишон ва Ғузор туманларидаги яйловларда эса 2027 йил 1 мартгача сунъий йўлдош орқали кузатув тизими тажриба тариқасида жорий этилади.
Бундан ташқари, 2026–2028 йилларда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлари илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан 4 100 гектар уруғчилик майдонларини ташкил этиш режалаштирилган.
Қарорга мувофиқ, деградацияга учраган яйловлар майдонини 2026 йил охиригача 10 фоизга, 2027 йил якунигача эса камида 20 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.