2024 йил 16 октябрь куни Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида ҲАМАС террорчилик ташкилоти раҳбари, 2023 йил 7 октябрда Исроилда содир этилган оммавий қотилликларнинг асосий ташкилотчиси Яҳё Синварни ўлдирди.
BILD нашрига маълум бўлишича, Исроил ҳарбийлари операция ҳудудида Синварнинг ўн ёшли ўғли Иброҳимга тегишли мактубни топган. Унинг мазмуни болага кичик ёшидан бошлаб яҳудийларга нисбатан нафрат сингдирилганини кўрсатади.
«Мен, Иброҳим, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Севимли дадажон, мен сизни жуда соғиндим! Сизни қучоқлашни ва ғалаба қозонганингизни кўришни хоҳлайман. “Аллоҳу акбар” деб бақиришни, қўлимга Калашников автомати олиб, яҳудийларга қарата ўқ узишни истайман. Қачон қайтиб келасиз ва яна мени қучоқлаб ухлайсиз?» — дейилади мактубда.
Мактубга Иброҳим чизган расмлар ҳам илова қилинган. Уларда, жумладан, иврит тилидаги ёзувлар туширилган танк, қуролланган жангарилар, ракеталар ва, эҳтимол, ҳарбий чегара иншооти тасвирланган.
Мактубнинг давомида шундай дейилади:
«Бўш вақтимда қоғоз ва картондан тўппонча, танклар ва Калашников автоматларини ясайман. Эй Раббим, уруш тугасин ва мен сизни яна тирик, соғ-саломат кўрай. Аллоҳ сизни асрасин, дадажон. Мен учун дуо қилишингизни хоҳлайман. Сизга тинчлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин».
«Бу нафақат ҲАМАСнинг тарбия усулларига мос келади, балки Фаластин жамиятининг айрим қатламларида, айниқса, Ғазо секторида чуқур илдиз отган. Яҳудийларга нисбатан нафрат — эътибор беринг, у исроилликлар ҳақида эмас, айнан яҳудийлар ҳақида гапирмоқда — ва уларни ўлдириш шу даражада одатий ҳолга айлантириладики, ҳатто кичик болалар ҳам бу ҳақда орзу қила бошлайди».
Қуддусдаги Иброний университетининг ҳарбий тарих профессори Дэнни Орбах ҳам мактубнинг ҳақиқий эканига «деярли ишонч комил» эканини билдирди.
Унинг фикрича, «мактуб ҲАМАС раҳбарлари, ташкилотнинг ашаддий тарафдорлари ва уларнинг оила аъзилари орасидаги ўзига хос ўлим культини яққол намоён этади».
BILD нашрининг Ғазо секторида олиб борган суриштирувига кўра, ҲАМАС энди ўз сафига вояга етмаганларни ҳам жалб қилмоқда. Нашр таъкидлашича, зўравонликка асосланган исломчилик мафкураси ва яҳудийларга нисбатан нафрат Ғазо секторида ҳатто болалар онгида ҳам чуқур илдиз отган.
Бу ҳолатга 2023 йил 7 октябрдаги воқеалар гувоҳларининг ҳикоялари ҳам мисол қилиб келтирилган.
ҲАМАС жангарилари хотини ва уч ёшли қизи билан бирга гаровга олган Алон Гат Ғазодан Исроилнинг Беэри кибуцига талончилик қилиш учун келган бола билан учрашувини эслайди.
«Бола тахминан ўн икки ёшларда эди. У бунгача жасадларни кўрганига ишончим комил. У менга, мен эса унга ва қизимга қарадим. Унинг кўзларида заррача ҳам ҳамдардликни кўрмадим. У учун одамлар мутлақо аҳамиятсиз эди», — деб эслайди Алон Гат.