Бугун 16 октябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

АҚШ Эроннинг ядровий объектларига «барча бомбалар онаси»ни ташлашни режалаштирмоқда

АҚШ Эроннинг ядровий объектларига «барча бомбалар онаси»ни ташлашни режалаштирмоқда

АҚШ ҳарбийлари Эроннинг ядровий объектларига янги зарбалар бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди. Ҳужумлар давомида «барча бомбалар онаси» деб номланувчи GBU-43/B MOAB бомбасидан фойдаланиш эҳтимоли ҳам муҳокама қилинмоқда.

Ушбу бомба АҚШ арсеналидаги энг кучли ядровий бўлмаган бомба ҳисобланади. Унинг оғирлиги қарийб 9,5 тоннани ташкил этади. CNN билан суҳбатлашган, бу масаладан хабардор бир нечта расмий шахс бундай вариант кўриб чиқилаётганини тасдиқлаган.

Нашр манбалари эҳтимолий нишон сифатида остида ядровий объект жойлашган Пикакс тоғини тилга олган. Бироқ «барча бомбалар онаси» мазкур объектни йўқ қила оладими-йўқми, ҳозирча аниқ эмас. Сабаби, иншоот ер остида катта чуқурликда жойлашган.

Манбалардан бири бундай бомбардимоннинг асосий мақсади ҳарбий иншоотни йўқ қилишдан кўра, руҳий босим ўтказиш ва Эрондаги руҳонийлар ҳокимиятини қўрқитиш бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Теҳрон янги зарбалар эҳтимолини кутиб, ўзининг ядровий объектларини мустаҳкамламоқда.

CNN маълумотларига кўра, АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Конгресс сайловларидан сал олдин ёки сайловлардан кейин қайта бошланиши мумкин.

Оқ уй CNN телеканалининг MOAB бомбасидан эҳтимолий фойдаланиш режалари ҳақидаги саволларига изоҳ беришдан бош тортди.

Маъмурият вакили фақат Дональд Трамп Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслигини кафолатлаш учун «барча вариантларни очиқ қолдираётганини» маълум қилди.

Киритилди: 19:27 15.10.2026. Ўқилди: 678 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!