Ўзбекистонда янги экилган пиёз нархи рекорд даражада қимматлади, деб хабар бермоқда EastFruit.
Сурхондарё вилояти фермерлари эртапишар кузги пиёз ҳосилини йиғишни бошлади. Бу маҳсулот аллақачон вилоятнинг ўзи ва қўшни ҳудудлар бозорларида пайдо бўлди. Бироқ ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, бу мавсумда пиёз нархи рекорд даражага кўтарилмоқда. Янги ҳосилдан олинган пиёзнинг дастлабки партияларини фермерлар даладан ўртача бир килограмми 5000 сўмдан, яъни 39 АҚШ сентига тенг нархда жўнатди.
Шунингдек, бозорларда пиёзнинг чакана нархи килоси 7000−8000 сўмдан ёки 54−62 АҚШ сентидан сотилмоқда. VESAGRO консалтинг компанияси раҳбари Ўрмонали Усмонов ҳолатни изоҳлади. Унга кўра, 2025 йил март ойининг иккинчи ярмида Сурхондарё вилоятининг бир қатор туманларида (Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Шеробод) фермерлар эрта кузги пиёз ҳосилини йиғишни бошлади.
Бироқ пиёзнинг етилиш даражаси ҳали уни узоқ масофаларга ташишга имкон бермаяпти. Шу сабабли ҳозирда маҳсулот асосан Сурхондарё вилояти ва унга қўшни ҳудудлардаги бозорларда сотилмоқда. Шундай бўлса-да, бу мавсумда фермерлар нархлардан жуда мамнун. Ўтган йили айни шу пайтда янги ҳосилдан олинган пиёзнинг килоси далаларда тахминан 500 сўмдан (4 АҚШ сенти) юклаб жўнатилган бўлса, бу йил бошланғич нархлар 10 баравар юқори.
Унинг фикрича, нархларнинг юқори бўлишининг асосий сабаби эртаки кузги пиёз экин майдонларининг сезиларли даражада қисқарганидир.