Бугун 18 июль, 2025 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистонда ўрнатилган лифтларнинг 78 фоизи техник синовдан ўтказилмаган

Ўзбекистонда ўрнатилган лифтларнинг 78 фоизи техник синовдан ўтказилмаган

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маълумотларига кўра, сўнгги икки йилда Ўзбекистонда ўрнатилган 11,4 мингта лифтнинг 8,9 мингтаси техник кўрикдан ўтказилмаган. Шунингдек, 6 мингта лифт техник паспортсиз, 7,4 мингтасида эса хизмат кўрсатувчи ташкилот умуман йўқ.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси лифт хавфсизлиги бўйича учта муҳим қарорни қабул қилди. Янги регламентга кўра, лифтларнинг лойиҳалаш, ўрнатиш ва фойдаланиш жараёнида иқтисодий операторлар (ишлаб чиқарувчи, ўрнатувчи, дистрибютор ва бошқалар)нинг жавобгарлиги қатъий белгиланади. Шунингдек, маҳсулотнинг хавфига қараб мувофиқликни баҳолаш «модул» тизими асосида босқичма-босқич амалга оширилади.

Бундан ташқари, ҳукумат халқаро стандартларга ўтишни бошлади. ISO/IEC 17020 талабларига мос ташкилотлар томонидан ҳар бир лифт дастлабки ва ҳар йили даврий кўрикдан ўтказилади. Ҳар бир лифт техник ҳолатига қараб махсус рангли ёрлиқлар билан белгиланади — бу орқали аҳоли носоз лифтлар ҳақида тезкор хабар бериш имкониятига эга бўлади.

Янги тизим Европа Иттифоқи ва Туркия тажрибаси асосида жорий этилмоқда. Ҳукуматнинг мақсади — лифтларнинг бутун ҳаёт цикли давомида хавфсизликни таъминлаш ва жамоатчиликда ишонч уйғотиш. Хусусан, сўнгги йилларда Хитой ва Туркиядан келтирилган лифтларда юз берган бахтсиз ҳодисалар бу соҳадаги етишмовчиликларни очиқлашга туртки бўлди.

Туб ислоҳотлар натижасида нафақат лифтларга, балки бошқа турдаги маҳсулотларга ҳам халқаро талаблар асосида мувофиқликни баҳолаш ва назорат қилиш механизмлари босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган.

Киритилди: 16:13 15.07.2025. Ўқилди: 401 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!