Ўзбекистонда минимал пенсия ёшини ошириш режалаштирилмоқда. Пенсия ислоҳоти лойиҳасида пенсияга чиқишнинг энг кам ёшини ошириш кўзда тутилган: эркаклар учун — ҳозирги 60 ёшдан 63 ёшгача, аёллар учун — 55 ёшдан 58 ёшгача.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида энг кам пенсия ёши 65 ёшдан ортиқни ташкил этади. Ўзбекистонда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонун қабул қилинганидан буён 32 йил давомида пенсия ёши оширилмаган. Фақат Ўзбекистон қолди, бошқа давлатлар эса пенсия ёшини аллақачон ошириб бўлган.
Ўзбекистонда умр кўриш давомийлиги ўсиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда бу кўрсаткич 75 ёшга етган. Агар 20 йил олдин пенсионерлар пенсияга чиққандан сўнг ўртача 8−9 йил умр кўрган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич эркакларда 12,5 йилга, аёлларда эса 20 йилга етди.
Пенсия ёшини ошириш бўйича қарор ҳали қабул қилинмаган. Пенсия жамғармаси пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича аҳоли таклифларини йиғиш учун махсус платформани ишга туширмоқчи, бу жараён бир ой давом этади. Келиб тушган таклифлар ўрганиб чиқилгандан сўнг, уларни қайта муҳокама қилиш, зарур ўзгартиришлар киритиш ва пенсия ислоҳоти лойиҳасини журналистлар ҳамда блогерлар иштирокида расман тақдим этиш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, пенсия ёшини оширишда юмшоқроқ вариант — ҳар йили ярим йилга эмас, балки уч ойга ошириш кўриб чиқишилиши мумкин. Шу тариқа, пенсия ёши ҳар тўрт йилда бир йилга оширилиб, бутун ислоҳот 12 йил давомида амалга оширилади. (https://www.spot.uz/oz/2025/09/10/pensions/)