Бугун 28 январь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Ўзбекистонда иссиқхона ташкил этиш учун энг маъқул ҳудуд қайси?

Ўзбекистонда иссиқхона ташкил этиш учун энг маъқул ҳудуд қайси?

Иссиқхона фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлар учун маҳсулотларни етарли ҳарорат билан таъминлаш муҳим ҳисобланади. Айниқса, қишнинг совуқ кунларида иссиқхонани иситиш кўп ҳаракат ва харажат талаб қилади. Бу борада тадбиркорлар учун энг самарали ечим — қулай ҳудуд танлашдир. Хусусан, Сурхондарё вилояти табиий иссиқ иқлими, қулай муҳит ва шарт-шароитлари билан айнан иссиқхонада маҳсулот етиштирувчилар учун жуда қулайдир.

Табиий иссиқлик манбаи

Ўзбекистоннинг жанубида жойлашган Сурхондарё вилояти юртимизнинг энг қуёшли ўлкаларидан бири ҳисобланади. Ҳудуддаги табиий иссиқлик эса мева-сабзавотлар, полиз экинлари ва бошқа маҳсулотларнинг пишиб етилиш учун айни муддао ҳисобланади. Айниқса, қуёшнинг табиий ҳарорати иссиқхоналар фаолиятини анча енгиллаштиради.

“Сурхондарёда сабзавот бўладими, полиз экинларими, картошка ёки карамми, умуман, барча маҳсулотлар бошқа ҳудудларга қараганда 20–30 кун олдин пишиб етилади. Тадбиркорлар учун энг қулай томони, иссиқхоналарда алоҳида иситиш тизими қилиш шарт эмас, ҳеч қандай ёқилғисиз ҳам экин экиб, даромад олиш мумкин”, — дейди деҳқон хўжалиги раҳбари Бобоёр Холбоев.

Кам харажат, мўмай даромад

Айни дамда аҳолининг кўчатга бўлган талаби 2 баробар ошган. Бу эса тадбиркорларга Сурхондарё иқлимидан фойдаланган ҳолда аҳолининг эҳтиёжини ортиғи билан қондириб, иссиқхоналардан мўмай даромад олиш имконини беради. Яъни бу ерда томорқаси бор ва ундан унумли фойдаланган инсон камбағал бўлмайди.

“Биз Сурхондарёда ҳатто аномал совуқда ҳам даромад оламиз, кўп харажат ҳам талаб қилинмайди. Биз –24 даража совуқда ҳам ҳеч нарса ёқмадик, табиий иссиқлик етарли бўлди”, — дейди деҳқон Акбар Маматмўминов.

Энг қулай локация

“Ayaka” хорижий корхонаси томонидан Термизда 12 гектар ерга иссиқхона ташкил қилинган. Корхона ижрочи директори Шокир Сафарқулов даромад яхши эканлигини, 2–3 млн долларлик инвестиция кириб келишини айтиб ўтди. У иссиқхона билан шуғулланадиган тадбиркорларга Сурхондарёга келишни тавсия қилди.

Албатта, Сурхондарё вилоятидаги табиий иссиқ иқлим, қулай муҳит ва шарт-шароит тадбиркорларга кам харажат орқали катта миқдорда фойда олиш имконини яратади. Бу, айниқса, даромади иссиқхона билан боғлиқ бўлганлар учун энг қулай локациядир.

Киритилди: Бугун 11:47. Ўқилди: 448 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!