2040 йилга бориб, дунёнинг 33 та мамлакати жиддий сув танқислигига дуч келиши мумкин, улар орасида Туркия ҳам бор, деб хабар беради Аnadolu агентлиги.
Аҳоли сонининг ўсиши, иқлим ўзгариши ва истеъмолнинг ортиши сув ресурсларига босимни ошириб, сув хавфсизлигини асосий глобал муаммолардан бирига айлантирмоқда.
Прогнозларга кўра, 2040 йилга бориб, 33 та мамлакат "ҳаддан ташқари сув стресси" зонасига тушади. Жаҳон ресурслари институти (WRI) томонидан 167 та мамлакатни қамраб олган тадқиқот шуни кўрсатдики, аҳолининг ўсиши, урбанизация ва иқлим ўзгариши фонида сув ресурслари тез камайиб бормоқда.
Вазият, айниқса, Яқин Шарқда қийин. Бу ердаги сув хавфсизлиги даражаси дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири. Кўпгина мамлакатлар денгиз сувини тузсизлантириш учун ер ости сувлари ва қиммат технологияларга боғлиқ. Бундай иншоотларга зарар етказилган тақдирда, масалан, ҳарбий можаролар пайтида миллионлаб одамлар ичимлик сувидан маҳрум бўлишлари мумкин.
Аввалроқ, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған келажакда давлатлар ўртасида нефть эмас, балки сув туфайли можаролар келиб чиқиши мумкинлигини таъкидлаган эди. У сув ресурслари тобора стратегик аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, сув танқислиги нафақат экологик муаммо, балки иқтисодиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика ва миграция жараёнларига бевосита таъсир қилади. Ҳозирги кунда дунё аҳолисининг қарийб ярми йилига камида бир ой сув танқислигини бошдан кечирмоқда.
ЮНEСКО маълумотларига кўра, 2 миллиарддан ортиқ одам хавфсиз ичимлик сувидан, 3 миллиарддан ортиқ одам эса асосий санитария хизматларидан фойдалана олмайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, сув ресурсларини самарали бошқариш ва барқарор ечимларсиз вазият янада ёмонлашиши, дунёнинг кўплаб минтақаларида ижтимоий ва иқтисодий беқарорликни кучайтириши мумкин.